"Пахтакор"нинг сербиялик легионери Драган Черан 2020 йилги мавсумда ҳам Суперлига тўпурарига айланди.
Ўтган йили 23 гол урган Драган бу мавсумда 21 тўп киритган ҳолда чемпионат тўпурари деган номни қўлга киритди. Чераннинг тўпурарлиги икки жиҳат билан алоҳида тарихдан жой олади. У кетма-кет ва умуман икки марта тўпурарга айланган биринчи легионер бўлди. Шунингдек, ҳозиргача ҳеч бир тўпурар футболчи яққол етакчи ҳолда кетма-кет икки бор тўпурарга айланмаганди. Яъни, илгари бундай кўрсаткичга эришганлар қўштўпурарлардан бири бўлганди.
"Пахтакор" футболчилари кетма-кет учинчи мавсум тўпурарликни қўлга киритишди. 2018 йил тўпурарлик бразилиялик Тиаго Безеррага насиб этганди. Жами ҳисобда "Шерлар" аъзолари 7 мавсумда юқори лигада энг кўп тўп киритишга эришган.