Суперлига 24-турида "Шерлар" Қаршида "Насаф" меҳмони бўлишади.
Аллақачон чемпионлик масаласини ҳал этиб бўлган "Шерлар" Қаршида "Насаф" билан майдонга тушишади. Ҳар икки жамоа ўртасидаги тўқнашувлар охирги йилларда кескин ўтмоқда. Рақиб айни пайтда чемпионатда 2-поғона учун курашни давом эттирмоқда.
Чемпионатларда жамоалар жами 47 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 28тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 10 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Қаршиликлар эса 9 ўйинда ғалаба қозонишган. Рақиб дарвозасини 74 бор ишғол қилган жамоамиз дарвозасидан 41 гол ўтказиб юборган.
Қаршидаги 23 ўйинда эса жамоамиз 8 ғалаба, 7 дуранг ва 8 мағлубият қайд этган. 23 гол урган жамоамиз ўз дарвозасидан 28 тўп ўтказиб юборган. Охирги икки мавсумда "Пахтакор" Қаршида ғалаба қозонган.
"Насаф" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги беллашув 25 ноябрь, чоршанба куни Қаршидаги "Марказий" стадионда соат 13:00да бошланади.