Суперлига 23-турида "Пахтакор" Ўзбекистон чемпионатида 13-бор чемпионлигини нишонлади.
"Қўқон-1912"га қарши учрашув бошланиши арафасида жамоамизнинг чемпионликка эришиб улгургани маълум бўлди. Таркибда юзага келган йўқотишларга қарамай, "Шерлар" беллашувда зафар қучишди. Алижонов ва Машарипов дисквалификация, Ҳамробеков, Сидиқов ва Дердийок эса жароҳат сабабли баҳсни ўтказиб юборишди. 6-дақиқадаёқ жамоамиз ҳисобни очди. Рақиб ҳимоячилари тўпни бир-бирига узатишда йўл қўйган хатодан кейин Ҳамдамов тўпни эгаллади, бир рақибни чалғитди ва дарвозанинг пастки чап бурчагига ерлатиб аниқ зарба йўллади. Биринчи бўлимда рақибдан Азимовнинг хавфли уриниши ноаниқ кетган бўлса, Холмуҳаммедовнинг тепган тўпини Суюнов қайтариб юборди. "Пахтакор"дан Чераннинг зарбаси йўлига Эргашев ғов бўлди.
Иккинчи бўлимни меҳмонлар фаол бошлашди. Рўзиев, Раевац ва Ҳасановнинг аниқ йўллаган зарбаларидан сўнг Суюнов маҳорат кўрсатиб, жамоамизни голлардан асраб қолди. "Пахтакор"дан эса Ҳамдамов қулай имкониятда ноаниқ зарба берди. 81-дақиқада Чераннинг ажойиб голидан кейин орадаги фарқ ошди. Аброр Исмоиловдан тўпни қабул қилиб олган Черан 22 метрлардан узоқ юқори бурчакка зарба йўллади - 2:0. "Қўқон-1912" бунга 85-дақиқада пенальтидан урган голи билан жавоб берди. Холмуҳаммедов 11 метрлик зарбасидан унумли фойдаланди.
13-чемпионликка эришган "Пахтакор" 2:1 ҳисобида ғалаба билан ушбу муваффақиятни нишонлади.
"ПАХТАКОР" - "ҚЎҚОН-1912" - 2:1 (1:0)
20 ноябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 256 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев, Р.Фозилов, М.Нехочин, А.Эргашев.
Назоратчи: А.Тамбовцев.
Комиссар: Л.Қўчқоров.
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев, Анзур Исмоилов, Кримец (Аъзамов, 41), Комилов, Аброр Исмоилов, Собирхўжаев (Абдуллаев, 69), Ҳамдамов (Холматов, 85), Черан, Собиржонов (Эркинов, 69), Сергеев (Ҳошимов, 85).
"Қўқон-1912": Эргашев, Акбаров, Рўзиев (Бамба, 71), Азимов (Б.Абдуллаев, 88), Рустамов, Маликжонов (Музаффаров, 71), Ҳасанов, Мерзляков (Синдаров, 88), Йосович, Раевац (Абдуҳамидов, 83), Холмуҳаммедов.
Голлар: Ҳамдамов, 6 - 1:0. Черан, 81 - 2:0. Холмуҳаммедов, 85-пен - 2:1.
Огоҳлантиришлар: Сайфиев, 58. Раевац, 60. Комилов, 75.