"Шерлар" Суперлиганинг 23-турида Тошкентда "Қўқон-1912"ни қабул қилишади.
Мазкур баҳсдаги ғалаба жамоамизнинг Ўзбекистон чемпионатида 13-бор олтин медалларга эга чиқишини таъминлаши мумкин. Шу сабабли беллашув жуда катта аҳамиятга эга. Қолаверса, қўқонликлар совриндорлар қаторидан ўрин олиш учун курашни давом эттиришмоқда.
Қўқонликлар билан кечадиган беллашувни дисквалификация сабабли Ҳожиакбар Алижонов ва Жалолиддин Машарипов ўтказиб юборади. Рақибдан Аваз Маматхўжаев сариқ карточкалар туфайли ўйнамайди. Суҳроб Бердиев ва Шоҳназар Норбековда эса жароҳат мавжуд.
"Қўқон-1912"га қарши чемпионатларда ўтган 29 баҳснинг 17тасида "Пахтакор" зафар қучган. 7 ўйинда дуранг қайд этилган бўлса, 5 марта рақиб ғалаба қозонган. Рақиб дарвозасини 77 марта ишғол қилган жамоамиз 40 гол ўтказиб юборган.
Тошкентдаги учрашувларнинг 12тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, биттадан тўқнашув дуранг ва меҳмонлар ютуғи билан тугаган. 6 баҳсда жамоамиз йирик ҳисобда зафар қучган. Уйда 52 тўп киритган "Шерлар" ўз дарвозасидан 17 гол олиб чиқишган. Ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа 2000 йил кузатилган. Ўшанда жамоамиз 7:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўтган йили Тошкентда "Пахтакор" 3:1 натижаси билан муваффақиятга эришган.
"Пахтакор" ва "Қўқон-1912" жамоалари ўртасидаги учрашув 20 ноябрь, жума куни "Пахтакор" стадионида соат 17:00да бошланади.