"Пахтакор" бош мураббийи Тошкент дербисидан кейин матбуот анжуманида иштирок этди.
Арвеладзе: - Ўйлашимча, қизиқарли баҳс кечди. Бизда вазиятлар кўп бўлди. Ўйин охирида карточкалар кўпайиб кетди. Бир оз диққатни йўқотгандирмиз. Учинчи голни дарҳол ўтказиб юбордик. Икки киши кам бўлиб ҳам голли имкониятлар яратдик. "Бунёдкор"ни ғалаба билан табриклайман. Уларга қарши беллашувлар қизиқ кечади.
Биз икки футболчи кам ҳолда 15 дақиқача ўйнадик. Ўша дақиқаларда охиригача курашдик. Йигитларга бунинг учун раҳмат айтаман. Ўйин ташкил қилиш ва интизомида бизда муаммо бўлмаслиги керак. Рақиб сафида терма жамоа аъзолари кўп, улар кўпчилик бўлиб ўйнаб вақтни чўзишга уринишди.
Энди танаффус бўлади ва 9 нафар ўйинчимиз терма жамоа ихтиёрида бўлади. Терма жамоага омад тилайман, футболчилар жароҳатсиз соғлом ҳолда қайтишларини хоҳлайман.