Суперлиганинг 18-тур қолдирилган ўйинида жамоамиз "Бунёдкор"га 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Голли вазиятлар яратишда яққол устун бўлганига қарамай, футболчиларимиз улардан фойдалана олишмади. Икки ҳолатда дарвоза тўсини мезбонларни муқаррар голлардан асраб қолди. Ҳисоб 5-дақиқада Тўхтасинов томонидан очилди. Унинг жарима майдони ташқарисидан тепган тўпи дарвозанинг юқори бурчагига бориб тушди. Кетма-кет ҳужумлар ташкил этган "Пахтакор" 26-дақиқада мувозанатни тиклади. Алижонов ва Черан иштирок этган ҳужумни Машарипов яқин масофадан берган аниқ зарбаси билан якунлади - 1:1. Биринчи бўлимнинг қолган вақти мобайнида Алижоновнинг зарбаси тўсинни титратган бўлса, Черан ва Собирхўжаевнинг уринишларига озгина аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлим бошида яна рақиб тўп киритди. Қанотдан оширилган тўпни Тўхтасинов боши билан дарвозага йўллади. Рақибни ҳимояда ўйнашга мажбур қилган "Шерлар" 80-дақиқада яна бир бор ҳисобни тенглаштиришди. Дердийок тўп йўналишини ўзгартиргач, мезбонлар вакили ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Бироқ кейинги дақиқада ҳимояда йўл қўйилган хато натижасида Мираҳмадов "Бунёдкор"ни олдинга олиб чиқди. Кейинги дақиқаларда Алижонов ва Машарипов қўпол ўйнагани сабабли майдондан четлатилди. Шунга қарамай, жамоамиз тўлиқ устунлик қилиб, рақиб дарвозаси олдида ўйнашда давом этди. Дердийокнинг бир зарбаси тўсинга теккан бўлса, иккинчи зарбасида дарвозабон тўпни қайтарди. Сидиқов ва Чераннинг уринишлари эса ноаниқ бўлди. Шу тариқа дербида жамоамиз 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Навбатдаги баҳс 23-тур доирасида 20 ноябрь куни Тошкентда "Қўқон-1912"га қарши бўлиб ўтади.
"БУНЁДКОР" - "ПАХТАКОР" - 3:2 (1:1)
5 ноябрь. Тошкент. "Бунёдкор" стадиони. 1510 томошабин.
Ҳакамлар: А.Рисқуллаев, Р.Самандаров, Б.Канназаров, Д.Мирзараимов.
Назоратчи: Ғ.Каримов.
Комиссар: А.Аҳроров.
"Бунёдкор": Абдужалилов, Қобилов, И.Йўлдошев, Ғиёсов (Аҳмадалиев, 54), Р.Йўлдошев (Мираҳмадов, 78), Тўраев, Қодирқулов, Тўхтасинов, У.Абдуллаев (Иззатов, 78), А.Абдуллаев, Эркинов (Нурмурадов, 60).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Анзур Исмоилов, Кримец, Сайфиев, Ҳамробеков (Козак, 90+2), Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 61), Ҳамдамов (Сидиқов, 73), Черан, Машарипов, Сергеев (Дердийок, 61).
Голлар: Тўхтасинов, 5 - 1:0. Машарипов, 26 - 1:1. Тўхтасинов, 55 - 2:1. А.Абдуллаев, 80-авт - 2:2. Мираҳмадов, 81 - 3:2.
Огоҳлантиришлар: И.Йўлдошев, 20. Р.Йўлдошев, 20. Сергеев, 21. Алижонов, 38. Кримец, 38. Мираҳмадов, 84. Иззатов, 84. Абдужалилов, 85.
Четлатишлар: Алижонов, 82. Машарипов, 83.