Суперлиганинг 18-тур қолдирилган ўйинида "Шерлар" Тошкент дербисида "Бунёдкор" билан майдонга тушади.
Мазкур учрашувда жамоамиз ғалабага эришган тақдирда 13-бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритади. Принципиал рақиб билан қарама-қаршиликда чемпионликни нақд қилишга "Пахтакор" ушбу баҳсда уриниб кўради.
"Бунёдкор" билан баҳслар ҳамиша кескин тўқнашувларни тақдим этади. Ҳозиргача ўтказилган 29 беллашувнинг 11тасида "Шерлар" ғолиб бўлишган. 9тадан баҳсда дуранг ва рақиб ғалабаси кузатилган. Жамоамиз 36 тўп киритиб, 30 гол ўтказиб юборган. Жамоалар ўртасидаги энг йирик натижа шу йилнинг биринчи даврасида кузатилиб, унда "Пахтакор" 5:0 ҳисобида ютуққа эришган. "Бунёдкор" майдонида кечган беллашувларда 4 ғалаба, 3 дуранг ва 7 мағлубият қайд этганмиз. Рақиб 23 тўп киритган ва жамоамиз 15 гол уришга муваффақ бўлган.
"Бунёдкор" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин 5 ноябрь, пайшанба куни соат 17:00да "Бунёдкор" стадионида бошланади.