Суперлига 22-турида "Пахтакор" ишқибозларига ажойиб голлар шоусини тақдим этди.
Олмалиқда кечган беллашувнинг илк дақиқаларидан ташаббусни ўз томонига оғдирган жамоамиз ҳужумкор ва чиройли футбол намойиш этган ҳолда мезбонлар устидан ажойиб ғалабага эришди. Илк хавфли ҳужумда қанотдан оширилган тўпни дарвозага йўллашга Сергеев ва Черан улгурмай қолди. 24-дақиқада эса жуда чиройли уюштирилган ҳужум гол билан тугади. Чераннинг узатмасидан сўнг Машарипов тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлаб ҳисобни очди. 32-дақиқада Ҳамдамов супергол муаллифига айланди. Машариповдан тўпни қабул қилиб олган Достон 25 метрлардан тўпни дарвозага "михлади" - 0:2. 43-дақиқада эса Сергеев ўзининг Ўзбекистон чемпионатидаги 100-голини урди. Алижоновнинг зарбаси тўсиндан қайтгач, Игорь боши билан дарвозани ишғол қилди. Биринчи бўлим тугаши арафасида ҳисоб яна йириклашди. Ҳамдамовнинг қанотдан жарима майдонига оширган тўпини Жокич ўз дарвозасига киритиб юборди.
Иккинчи бўлимда ҳам ўйин суръатини белгилаб берган "Пахтакор" яна икки тўп киритди. Дастлаб Сергеевнинг узатмасидан кейин Черан жарима майдони ичида ҳимоячиларни чалғитиб, дарвозанинг узоқ бурчагига аниқ зарба йўллади. Ўйинга якуний нуқтани Ҳамдамов қўйди. Машариповнинг яна бир оширган тўпини Достон бу сафар боши билан дарвозага жойлади - 0:6.
"Пахтакор" охирги беш беллашувда рақиб дарвозасига 21 тўп киритди. Сўнгги беш сафар ўйинининг барчасида жамоамиз йирик ҳисобда ғалаба қозонди. 13-чемпионликни нишонлаш учун "Шерлар"га қолган беш учрашувдаги бир ютуқ кифоя қилади.
АГМК - "ПАХТАКОР" - 0:6 (0:4)
1 ноябрь. Олмалиқ. ОКМК стадиони. 789 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукуруллаев, Ж.Сарсенов, Д.Искандеров, А.Худойберганов.
Назоратчи: Н.Лутфулин.
Комиссар: М.Содиқ-Охунов.
АГМК: Султонов, Шораҳмедов (Сулаймонов, 78), Йўлдошев, Раҳмонов, Тошматов, Жўраев (Аманов, 61), Жокич, Умаров, Турсунов (Нурматов, 82), Григалашвили (Раҳматов, 78), Ватсадзе (Полвонов, 61).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов (Комилов, 65), Аъзамов, Кримец (Анзур Исмоилов, 72), Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Козак, 74), Ҳамдамов, Черан (Сидиқов, 65), Машарипов, Сергеев (Дердийок, 72).
Голлар: Машарипов, 24 - 0:1. Ҳамдамов, 32 - 0:2. Сергеев, 43 - 0:3. Жокич, 45+1-авт - 0:4. Черан, 60 - 0:5. Ҳамдамов, 71 - 0:6.
Огоҳлантиришлар: Жокич, 54. Тошматов, 79.