Ўйин бошидан тўпни назорат қилган жамоамиз бирин-кетин хавфли ҳужумлар ташкил қилди. Дердийок икки вазиятда дарвоза томон зарба йўллади, аммо гол уриш учун унга озгина аниқлик етишмади. Рақиб жарима майдони ёнида босимни тобора кучайтириб борган "Пахтакор" бўлим охирида 5 дақиқа оралиғида ўйин тақдирини ҳал этишга эришди. 41-дақиқада Машариповнинг бурчакдан узатган тўпини Дердийок боши билан дарвозага йўллади. 43-дақиқада эса Чераннинг зарбаси ҳимоячига теккан ҳолда дарвозадан ўрин олди. Учинчи гол Комилов ҳисобига ёзилди. Чиройли комбинация якунида Ҳамдамов узатган тўпни Акрам ўнг оёғида дарвозанинг узоқ бурчагига жойлади.
Иккинчи бўлимда янада чиройли тўплар киритилди. Дастлаб захирадан туширилган Сергеев тўпни ўзига қулай тарзда тўхтатиб олиб, яқин масофадан дарвозани нишонга олди. Кейинги гол Машарипов томонидан урилди. У Сергеев билан ажойиб ҳужум ташкил этди ва Игорнинг чиройли узатмасидан сўнг мезбонлар посбонини бирга-бир ҳолатда доғда қолдирди. Баҳсга нуқтани Сидиқов қўйди. У 20 метрлардан белгиланган жарима зарбасини аниқ амалга оширди.
6:0 ҳисобидаги ажойиб ғалабадан кейин "Пахтакор" яқин таъқибчисидан бир ўйин кам ўтказган ҳолда 8 очко илгарилаб кетишга муваффақ бўлди.
"СУРХОН" - "ПАХТАКОР" - 0:6 (0:3)
24 октябрь. Термиз. "Сурхон" стадиони. 138 томошабин.
Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов, А.Маражабов, З.Абдураҳмонов, Ш.Ражабов.
Назоратчи: К.Смирнов.
Комиссар: Ш.Саид.
"Сурхон": Аҳмедов, Ҳожиакбаров, Норов (Каримов, 46), Касьян (Абдураҳмонов, 62), Ҳасанов (Намозов, 89), Ҳ.Ғофуров (Йўлдошев, 46), Алиев, Меҳмонов, Станоевич, Шайдулов, А.Ғофуров (Сулаймонов, 57).
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев (Алижонов, 59), Анзур Исмоилов, Кримец, Комилов, Ҳамробеков (Собирхўжаев, 59), Аброр Исмоилов, Ҳамдамов (Эркинов, 59), Черан (Сидиқов, 72), Машарипов, Дердийок (Сергеев, 46).
Голлар: Дердийок, 41 - 0:1. Черан, 43 - 0:2. Комилов, 45+1 - 0:3. Сергеев, 53 - 0:4. Машарипов, 60 - 0:5. Сидиқов, 79 - 0:6.
Огоҳлантиришлар: Меҳмонов, 52. Ҳожиакбаров, 68.