Суперлига 20-турида "Пахтакор" Термизда "Сурхон" меҳмони бўлади.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатлар доирасида 27 баҳсда тўқнаш келишган. Уларнинг 21тасида "Пахтакор", 5тасида "Сурхон" зафар қучган. Бир марта дуранг натижа қайд этилган. Рақиб дарвозасини 86 марта ишғол қилган "Шерлар" 26 тўп ўтказиб юборишган. Термиздаги ўйинларда 8 ғалаба, 4 мағлубият ва бир дурангга эгамиз. Голлар нисбати 25га 17ни ташкил қилади. Жами 12 ғалаба йирик ҳисобларда қўлга киритилган. Энг йирик натижа - 8:0 бўлиб, 2004 йилги мавсумда кузатилган. Ўтган йили Термиздаги баҳсда голсиз дуранг қайд этилган.
Жамоалар сафида карточкалар билан боғлиқ дисквалификация сабабли ўйинни ўтказиб юборадиган футболчилар йўқ.
"Сурхон" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги учрашув 24 октябрь, шанба куни Термиздаги "Алпомиш" стадионида соат 15:30да старт олади.