Суперлиганинг 17-тур қолдирилган ўйинида "Пахтакор" "Сўғдиёна"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда ҳисобига навбатдаги уч очкони ёзиб қўйди.
Беллашув жамоамизнинг тўпни тўлиқ назорат қилиши билан бошланди, бироқ дастлабки 20 дақиқада меҳмонлар ҳимояда деярли бўш ҳудудлар қолдиришмади. Натижада кескин ҳолатлар деярли юзага келмади. 26-дақиқада Алижонов узатган тўпни қулай имкониятда турган Черан боши билан дарвозага тўғрилаб юбора олмади. 28-дақиқада эса Ҳамдамов яқин масофадан тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллашга уринди, аммо у ҳам мўлжални аниқ олмади. 34-дақиқада эса жиззахликлар дарвозага йўлланган уч зарбани қайтариб юборишди. Ҳамдамов ва Сергеевнинг зарбаларига дарвозабон тўғаноқ бўлди. Чераннинг боши билан йўллаган тўпини ҳимоячи қайтарди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисоб очилди. Алижонов тўпни жарима майдонига узатгач, Сергеевнинг зарбасини посбон бартараф этди. Қайтган тўпни Черан дарвозага жойлади - 1:0.
Иккинчи бўлимда "Шерлар" ўйинни хотиржамлик билан назорат қилишда давом этишди. 75-дақиқада Комилов жарима майдонига оширган тўпни қайтаришда рақиб футболчиси хатога йўл қўйди ва бундан Ҳамдамов унумли фойдаланди - 2:0. Бу натижа беллашув якунигача ўзгармади. "Пахтакор" пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб, олтин медаллар сари юришни давом эттиради.
"ПАХТАКОР" - "СЎҒДИЁНА" - 2:0 (1:0)
21 октябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 845 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Насибуллаев, Т.Галеев, А.Калинин, Р.Чориев.
Назоратчи: С.Нажафалиев.
Комиссар: Ш.Ражабов.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов (Комилов, 63), Аъзамов, Кримец, Сайфиев, Ҳамробеков (Козак, 79), Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 63), Ҳамдамов, Черан, Машарипов (Эркинов, 79), Сергеев (Дердийок, 63).
"Сўғдиёна": Абдуллаев, Шойқулов, Нўъмонов, Санжар Рашидов (Ҳасанов, 46), Болтабоев, Норхонов (Насимов, 72), Насриддинов (Шихов, 65), Қаҳрамонов, Жўрабеков, Талхатов (Саҳоб Рашидов, 81), Колакович.
Голлар: Черан, 45+1 - 1:0. Ҳамдамов, 75 - 2:0.