"Қизилқум" билан беллашувдан кейин жамоамиз бош мураббийи Шота Арвеладзе матбуот анжуманида иштирок этди.
- Охирги марта уйда июль ойида ўйнагандик. Роса уч ойдан кейин яна ўз майдонимизда ҳаракат қилдик. Йигитларга тиғиз тақвимга қарамай, яхши ўйин намойиш этишаётгани учун раҳмат айтаман. Биз бу мавсум деярли ҳар уч кунда ўйнаяпмиз, бундан кейин хам тақвимимиз шундай. Ўйинни яхши бошладик, гол урдик. Кейин эса барибир кичик хатоларга йўл қўйдик. Чарчоқ ўз таъсирини кўрсатади. Иккинчи бўлимда ҳужумларни кучайтирдик ва вазиятлардан иккитасидан унумли фойдаландик.
Терма жамоа сафаридан футболчилар ўтган куни тунда қайтиб келишди. Бунгача Қатарда, кейин БААда енгил бўлмаган шароитда истиқомат қилишди. Бундай пайтда тўғри овқатланиш, машқ қилиш, тикланиш зарур. Улар буни жуда яхши уддалашмоқда. Кейинги ўйинларга янада яхшироқ ҳолатда бўламиз деб ўйлайман.
Ҳозирча Ўзбекистон Кубогининг қандай форматда ўтишини билмаймиз. Лекин футболчилар учун камроқ ўйинлар бўлса яхшироқ. Дам олиш, тикланишга кўпроқ вақт бўлади. Қолаверса, йигитлар келаси мавсумда ҳам "Пахтакор" ва терма жамоалар учун ўйнашади. Шу сабабли плей-оффдан иборат учрашувлар вазиятга нисбатан идеал бўлади деб ўйлайман.