Деярли бир ярим ойлик танаффусдан кейин "Шерлар" Суперлигада яна ўйин ўтказишди.
Охирги марта бунгача 8 сентябрь куни Суперлигада, "Пахтакор" стадионида эса 13 июлда майдонга тушган жамоамиз уч ойдан ортиқроқ вақт мобайнида ўз майдонида бирорта ўйин ўтказмаганди. "Қизилқум" билан учрашувда "Шерлар" яна қадрдон стадионда тўп тепишди. Баҳс бошидан ҳужумга отланган жамоамиз 17-дақиқада ҳисобни очди. Машариповнинг қанотдан жарима майдонига оширган тўпини Нестеров қайтариб юборди. Қайтган тўпга биринчи бўлган Дердийок яқин масофадан дарвозага аниқ зарба йўллади. 28-дақиқада меҳмонлар бунга ўз голлари билан жавоб беришди. Қиличев 22 метрлар масофадан дарвозанинг ўнг бурчагини аниқ ишғол қилди - 1:1. Бўлимнинг қолган вақти мобайнида Машариповнинг икки хавфли уриниши голга айланмай қолди.
Иккинчи бўлимда ҳужумкорликни янада оширган "Пахтакор" бўлим ўрталарида икки дақиқа оралиғида ўйин тақдирини ҳал этди. Бунгача Дердийок ва Алижоновнинг зарбаларидан кейин Нестеров тўпни қайтариб қолганди. 74-дақиқада Ҳамдамовнинг қанотдан оширган тўпини Сайфиев ерга туширмасдан чиройли зарба билан дарвозага йўллади. 76-дақиқада эса захирадан туширилган Аброр Исмоилов жуда кучли ва аниқ зарбаси билан юқори бурчакка тўпни жойлади - 3:1. Бу натижа ўйин охиригача ўзгармади. "Пахтакор" яқин таъқибчисидан икки баҳс кам ўтказган ҳолда икки очколик фарқ билан пешқадамликни давом эттиради.
"ПАХТАКОР" - "ҚИЗИЛҚУМ" - 3:1 (1:1)
18 октябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 432 томошабин.
Ҳакамлар: О.Тўйчибоев, Т.Гайнулин, А.Цапенко, Ф.Янсупов.
Назоратчи: И.Нехочин.
Комиссар: С.Қудратуллаев.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов (Комилов, 81), Аъзамов, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 75), Ҳамдамов (Эркинов, 75), Черан, Машарипов, Дердийок (Сергеев, 69).
"Қизилқум": Нестеров, Жўраев (Абдуллажонов, 85), Толмасов, Қамбаров, Мустафоев, Бойдуллаев, Қиличев, Маргиев, Ҳасанов (Азимов, 59), Томива, Саноев.
Голлар: Дердийок, 17 - 1:0. Қиличев, 28 - 1:1. Сайфиев, 74 - 2:1. Аброр Исмоилов, 76 - 3:1.
Огоҳлантиришлар: Алижонов, 54. Саноев, 80. Азимов, 86.