"Шерлар" Суперлиганинг 19-турида Тошкентда "Қизилқум"ни қабул қилишади.
Чемпионат доирасида жамоалар 41 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол жамоамиз тарафида. 34 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 6 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва бир марта имкониятни бой берган. "Қизилқум" дарвозасига 114 гол урилиб, 23 тўп ўтказиб юборилган.
Тошкентдаги учрашувларнинг 17тасида жамоамиз ғалаба қозониб, 2 дуранг ва 1 мағлубиятни қайд этган. Навоий жамоаси охирги марта сафарда 2010 йил очко олган - 0:0. Ўз майдонида "Пахтакор" 7 бор ушбу рақибни йирик натижа билан таслим қилган. Ўтган мавсумда Тошкентда жамоамиз 8:0 ҳисобида зафар қучишга эришганди.
Ўзбекистон олий лигаси тарихида қайд этилган энг йирик натижа - 11:0 ҳисоби жамоаларнинг Навоийда 2007 йил ўтган беллашувида кузатилган. Ўшанда "Пахтакор" ҳозиргача рекорд саналган йирик ғалабани қўлга киритган.
Баҳсни жамоалардан дисквалификация туфайли ўтказиб юборадиган футболчилар мавжуд эмас.
"Пахтакор" ва "Қизилқум" ўртасидаги ўйин 18 октябрь, якшанба куни соат 17:30да "Пахтакор" стадионида бошланади.