"Шаҳр Ҳодро" билан баҳсдан сўнг "Пахтакор" ёрдамчи мураббийи Питер Хюистра ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Жалолиддин Машарипов матбуот анжуманида иштирок этишди.
Хюистра: - Бугунги ғалабадан жуда хурсандмиз. Ўйин бошлангунча биз гуруҳимиздаги ўзгариш ҳақида билмагандик. Мақсадимиз бу баҳсда ютиш эди ва фақат шу тўғрисида ўйладик. Ушбу ғалаба нафақат жамоамиз, балки ўзбек футболи учун ижобий ҳодиса деб ҳисоблайман.
Шотада коронавирус аниқлангани ҳаммамиз учун кутилмаган ҳол бўлди. У туфайли айнан шу ердамиз, шу даражага етиб келдик. "Пахтакор" лойиҳасида катта ўрин тутадиган инсонлардан бири. У нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам жуда аяйди. Афсуски, ушбу пандемияни бошқаришнинг имкони йўқ. Шота билан уч йилдан бери ишлаб келяпмиз. Бизда ажойиб мутахассислар ва футболчилар йиғилган. Ўйинчилар профессионал ва ўз ишига нисбатан жуда интизомли. Машғулотларда биргаликда меҳнат қилиб, ўйинларга тайёрланишда давом этамиз. У ҳам ўз маслаҳатларини беради, қандай машғулот ўтказиш, ўйнаш, рақибнинг имкониятлари борасида маслаҳатлашамиз.
Гуруҳдан чиқиб, босимдан халос бўлдик деб ўйламайман. Чунки мусобақанинг ҳал қилувчи қисми олдинда. Бу ерда хато қимматга тушади. Биз олдимизда турган уч ўйинни ўйнашга интиламиз.
Биз "Ҳилол"нинг мусобақадан четлатилганини билмасдан майдонга тушдик. Шу сабабли таркибни ўзгартириш имкони йўқ эди. Лекин футболчилар ўйин суръатини сақлаб қолишида бир тарафдан бу яхши бўлди. Масалан, Жалол сингари ўйинчилар ҳамиша футбол ўйнашни ёқтиришади, уларнинг хоббиси ҳам футбол. Жамоавий ҳаракатлар яхшироқ кўриниш олишида ҳам бу фойдали.
"Истиқлол" мусобақада биздан иккита камроқ ўйин ўтказди. Бу уларга фойда ёки зарар эканини учрашувда билиб оламиз. Биз бор кучимизни ишга солишга уринамиз.
Машарипов: - Ўз имкониятимнинг 70 фоизи даражасида ўйнадим деб ҳисоблайман. Бу турнирда анча қийинроқ беллашувларни ҳам ўтказганмиз. Аввалги уч учрашувда юта олмаганимиз сабабли бугун ютишимиз керак эди. Вазиятлардан фойдаланишда бу сал халал берди. "Ҳилол" ҳақида умуман ўйламадик. Йигитлар билан гаплашиб, бор кучимизни бериш ҳақида бир-биримизга айтгандик. Гуруҳда яхши ўйин кўрсата олдик. Мусобақада узоқроққача етиб боришни истаймиз.
Ҳар ўйиндан сўнг жамоада йигитлар билан баҳсни таҳлил қилиб чиқамиз. Қандай ўйнадик, хатолар, яхши жиҳатлар хусусида суҳбатлашамиз. Чемпионлар Лигасида жуда кўп вазиятлар бўлмайди, бунда 2-3 имкониятдан гол уриб кетиш керак. Биз камчиликларимизга барҳам бериш устида ишлаймиз. Ўзимга келсак, 2-3 нафар рақиб жуда яқин ўйнамоқда. Мураббийлар менга имкон бўлиши билан рақибларни алдашга ҳаракат қилишим ҳақида айтишади, албатта. Навбатдаги беллашувларда янада кўпроқ уриниб, жамоага фойда келтиришга уринаман.