Клуб янгиликлари

Машариповнинг голи, ғалаба ва гуруҳда биринчи ўрин

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Чемпионлар Лигаси 6-турида "Шаҳр Ҳодро"ни кичик ҳисобда мағлуб этиб, гуруҳ ғолиблигини қўлга киритди.

Учрашув бошланиши билан "Ал Ҳилол"нинг ОЧЛдан четлатилгани маълум бўлди. Бундай ҳолатда ўз-ўзидан "Шерлар" гуруҳ ғолибига айланарди. Шунга қарамай, жамоамиз ғалаба учун курашишда давом этди ва бунга эришди.

Дастлабки дақиқаларда рақиб кескин вазиятларни юзага келтирди. Халатбарининг зарбаси ноаниқ кетган бўлса, 15-дақиқада Суюнов яқин масофадан йўлланган аниқ зарбани қайтариб юборди. Кейин устунлик жамоамиз тарафига ўтди. Чераннинг икки уриниши жуда хавфли бўлди, аммо голга айланмади. Биринчи сафар ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғидан қайтарди. Иккинчи марта эса Драган ноаниқ зарба йўллади. Алижоновнинг ҳам бўлим охирида жарима майдони марказидан тепган тўпи салгина ноаниқ чиқди. Ҳамдамов урган гол эса офсайд сабабли бекор қилинди.

Иккинчи бўлим бошида Машарипов ва Чераннинг жуда хавфли уринишларига салгина аниқлик етишмади. 65-дақиқада эса ҳисоб очилди. Сидиқовнинг бурчакдан узатган тўпини Машарипов боши билан дарвозага йўллади - 0:1. Бу Жалолнинг ушбу турнирда жорий мавсумда урган 2-голи бўлди.

Ўйин охиригача устунликни сақлаб турган "Пахтакор" кичик ҳисобда ғалаба қозониб, гуруҳни пешқадам сифатида якунлади. "Ал Ҳилол"нинг натижалари чиқариб ташлангач, "Шерлар" 4 ўйинда 10 очко тўплашди.

Нимчорак финалда "Пахтакор" 26 сентябрь куни "Ал Жануб" стадионида Эроннинг "Истиқлол" клубига қарши майдонга тушади.

"ШАҲР ҲОДРО" - "ПАХТАКОР" - 0:1 (0:0)
23 сентябрь. Доха. "Ал Жануб" стадиони.
Ҳакамлар: Ҳанна Ҳаттаб, Али Аҳмад (Сурия), Ронни Кох (Сингапур), Масъуд Туфайлиеҳ (Сурия). 
Назоратчи: Исмоил Аднан (Иордания).
"Шаҳр Ҳодро": Матин Сафаиан, Али Неъмати, Фаршад Фаражи, Омид Мансури, Ҳассан Жаъфари, Муҳаммад Фарамарзи (Алиризо Асадабади, 78), Акбар Содиқи, Али Таҳеран, Муҳаммад Ризо Халатбари (Ҳуссайн Меҳрибон, 69), Руҳоллоҳ Сайфуллоҳ (Амирҳассан Жаъфари, 78), Муҳаммад Нажафабади.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов (Комилов, 46), Анзур Исмоилов, Кримец (Абдуллаев, 67), Сайфиев, Ҳамробеков (Козак, 46), Аброр Исмоилов, Ҳамдамов (Сидиқов, 46), Черан (Собиржонов, 77), Машарипов, Сергеев.
Гол: Машарипов, 65 - 0:1.
Огоҳлантиришлар: Али Таҳеран, 31. Муҳаммад Ризо Халатбари, 45. Али Неъмати, 45+3. Акбар Содиқи, 68. Комилов, 73. Ҳассан Жаъфари, 76.