Клуб янгиликлари

Имкониятлар бой берилган ўйинда голсиз дуранг

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" Чемпионлар Лигаси 5-турида БААнинг "Шабаб Ал Аҳли" жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

Учрашувда ташаббус тўлиғича жамоамиз тарафида бўлди. Ўйин суръатини дастлабки дақиқалардан назорат қилган "Шерлар" рақиб дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Бироқ улардан фойдаланишда омад ва маҳорат етишмагани панд берди. Биринчи бўлимнинг ўзида Черан ва Собирхўжаевнинг аниқ зарбаларидан сўнг Мажид Носир тўпни қайтариб юборган бўлса, Ҳамдамов ва Алижонов қулай ҳолатда тўпни ноаниқ йўллашди.

Иккинчи бўлим бошидан ҳужумкорликни янада оширган жамоамизда кетма-кет икки имконият юзага келди. Дастлаб Сергеевнинг зарбасини дубайликлар дарвозабони қайтариб юборди. Кейинроқ Ҳамдамов ўта қулай вазиятда боши билан тўғри зарба бера олмади. Рақибнинг эса бурчак зарбасидан кейинги уринишида тўп тўсинга тегиб қайтди. Баҳснинг охирги 10 дақиқасида жамоамиз 4-5 марта гол уриши мумкин эди, бироқ Чераннинг ажойиб зарбаси йўлига яна рақиб посбони ғов бўлди. Дердийок эса икки ҳолатда яқин масофадан дарвозабонни доғда қолдира олмади. Шу тариқа беллашув 0:0 ҳисобида якунланди.

Охирги турда Эроннинг "Шаҳр Ходро" жамоаси мағлуб этилган тақдирда (ёки "Шабаб Ал Аҳли" ғалаба қозона олмаса) "Пахтакор" нимчорак финалга гуруҳимиздан 2-ўрин соҳиби сифатида йўл олади ва Саудия Арабистонининг "Ал Аҳли" клуби билан тўқнаш келади.

"ШАБАБ АЛ АҲЛИ" - "ПАХТАКОР" - 0:0
20 сентябрь. Доха. "Ал Жануб" стадиони.
Ҳакамлар: Муҳаммад Тақи Ал Жаафари, Ронни Коҳ Мин, Абдул Ҳаннан бин Абдул, Моҳд Амирул Изван (ҳаммаси Сингапурдан).
Назоратчи: Исмоил Аднан (Иордания).
"Шабаб Ал Аҳли": Мажид Носир, Абдулазиз Ҳайкал, Муҳаммад Жабер, Волид Аббос, Аҳмад Жамил, Эйд Ҳамис (Аҳмад Алҳашми, 55; Педро Конде, 76), Абдулла Нақби (Ғаниев, 62), Мажид Ҳассан, Ҳариб Абдулла (Муҳаммад Жума, 62), Карлос Эдуардо, Аҳмад Ҳалил.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Аъзамов, Кримец, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 72), Ҳамдамов (Сидиқов, 65), Черан, Машарипов, Сергеев (Дердийок, 72).
Огоҳлантиришлар: Собирхўжаев, 7. Волид Аббос, 46. Абдулазиз Ҳайкал, 49. Карлос Эдуардо, 78. Аброр Исмоилов, 85.