"Шерлар" 18 август куни Суперлигада бир ойдан ортиқроқ давом этган танаффусдан сўнг яна расмий ўйинга қайтишади.
Суперлига 10-турида "Пахтакор" "Қўқон-1912" меҳмони бўлади. Беллашувлар марказлашган ҳолда Тошкент шаҳри ва вилоятида бўлиб ўтиши ҳақида маълумот бериб ўтганмиз.
Қўқонликлар билан кечадиган беллашувни дисквалификация сабабли ўтказиб юборадиган футболчилар йўқ. Шунингдек, жароҳатланган ўйинчилар сафга қайтиб улгуришган ва Шота Арвеладзе асосий таркибдаги барча футболчилар хизматидан фойдаланиши мумкин. "Қўқон-1912"га қарши чемпионатларда ўтган 28 баҳснинг 16тасида "Пахтакор" зафар қучган. 7 ўйинда дуранг қайд этилган бўлса, 5 марта томонлар дурангга имзо чеккан. Рақиб дарвозасини 74 марта ишғол қилган жамоамиз 39 гол ўтказиб юборган.
Рақиб мезбонлик қилган учрашувларда тенглик кузатилиб турибди - 4тадан ғалаба ва 6 дуранг. Қўқондаги ўйинларда жамоалар гол уришда ҳам тенг кўрсаткичга эга - 22:22. Жамоамиз 2003 йилдан кейин меҳмонда ўтган 5 ўйинда мағлубиятга учрамаган. Ўтган йили "Шерлар" сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган.
Ўзаро ўйинларда Игорь Шквирин энг кўп гол урган - 8та. "Пахтакор"дан Александр Писарев 5та, Игорь Сергеев, Собир Ходиев, Валерий Кечинов 4тадан гол муаллифи бўлган. Кечинов ушбу тўпларни бир ўйинда киритишга эришган. "Қўқон-1912"дан эса Ойдинбек Алиев ва Соли Қурбонов 5тадан, Носир Отақўзиев 4 голни ўз ҳисобига ёзиб қўйган.
"Қўқон-1912" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги учрашув 18 август, сешанба куни "Локомотив" стадионида соат 19:00да бошланади.