Бугун ЎзПФЛ ва Суперлига жамоалари раҳбарлари ҳамда мураббийлари иштирокида видеоконференция ўтказилди.
Унга кўра, ЎзПФЛ қуйидаги қарорни қабул қилди:
Суперлига учрашувлари 28 июлга қадар тўхтатилади ва шу куни чемпионат 10-турдан бошлаб давом эттирилади. Тақвимнинг кейинги эҳтимолий кўринишлари алоҳида муҳокама этилади. ТВ дастурлар вақтига ҳалал бермаслик мақсамида 10-тур учрашувларининг барчаси 19:00 да старт олади.
Унга қадар Суперлиганинг барча клублари бор диққат-эътиборини футболчилар саломатлигига қаратади. Клубларнинг барчаси хусусий клиникалар билан ҳамкорликда тест топширади. Бунда ЎзПФЛ ўзи рўйхатдан ўтказган барча футболчи ва мураббийлар тест топширганига ишонч ҳосил қилиши керак бўлади. Тест жавобларини тўлиқ тақдим этмаган клублар қолган жамоалар футболчилар саломатлигини хавф остида қолдирмаслик учун мусобақага қўйилмайди.
Тест топширган ва унинг натижаларига кўра вирус аниқланмаган футболчилар клуб қароргоҳига жойлаштирилади. Улар карантин тартиби юмшатилгунига қадар машғулотлар ва ўйинларга ўз базаларидан қатнайди. Боиси, уларнинг шаҳар бўйлаб эркин ҳаракат қилиши, футболчилар саломатлигини, бунинг ортидан эса чемпионат ўйинлари давомийлигини хавф остида қолдириши мумкин.
Вирус тарқалишини сунъий равишда сир тутаётган клубларга нисбатан СЭОА билан ҳамкорликда иш очилади.
Шу тариқа жамоамизнинг "Қўқон-1912" билан ўйини ҳозирча 28 июлга қолдирилди.