Суперлига 8-турида "Шерлар" "Машъал"ни 3:0 ҳисобида доғда қолдиришди.
Шота Арвеладзе аввалги ўйин билан солиштирганда асосий таркибда биргина ўзгаришни амалга оширди. Анзур Исмоилов ўрнида беллашувни Шерзод Аъзамов бошлади. Дастлабки 5 дақиқадан сўнг тўлиқ ташаббусга эришган жамоамиз кетма-кет голли вазиятларни юзага келтирди. 7-дақиқада Чераннинг боши билан йўллаган аниқ зарбаси йўлига Давронов тўсиқ бўлди. 16-дақиқада меҳмонлар посбони Драганннинг яна бир аниқ зарбасидан сўнг тўпни ушлаб олди. 25-дақиқада ҳисоб очилди. Сайфиевнинг чап қанотдан жарима майдонига оширган тўпини Дердийок баланд сакраган ҳолда оёғи билан дарвозага тўғрилаб юборди. Бир оздан сўнг жуда чиройли уюштирилган ҳужум якунида Машарипов икки бор дарвозага зарба берди. Ҳар икки зарбани Давронов бартараф этди. Меҳмонларнинг биринчи бўлимда биргина аниқ уринишидан сўнг тўпни Суюнов эгаллаб олди.
Иккинчи бўлимда устунлигимиз янада ортди. 57-дақиқада яна Сайфиев ва Дердийок ижросидаги ҳужумдан кейин ҳисобдаги фарқ ортди. Фарруҳнинг пасидан сўнг Эрен бу сафар боши билан дарвозани ишғол қилди. 75-дақиқада бурчак зарбаси чиройли комбинация орқали ўйинга киритилди. Ҳамдамов рақибни алдаб, дарвоза олдига оширган тўпини Черан дарвозага киритди. Ушбу натижа ўйин якунигача ўзгармади. "Пахтакор" 3:0 ҳисобидаги муваффақият билан пешқадамликни ўзида сақлаб қолди.
"ПАХТАКОР" - "МАШЪАЛ" - 3:0 (1:0)
7 июль. Тошкент. "Пахтакор" стадиони.
Ҳакамлар: З.Қодиров, Р.Самандаров, Б.Шавкатов, Ф.Янсупов.
Назоратчи: Р.Айтеков.
Комиссар: Ш.Ражабов.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов (Комилов, 80), Аъзамов, Кримец, Сайфиев, Ҳамробеков (Абдуллаев, 80), Собирхўжаев (Аброр Исмоилов, 64), Ҳамдамов, Черан, Машарипов (Сидиқов, 80), Дердийок (Сергеев, 64).
"Машъал": Давронов, Нормуродов, Ифеанйи, Павленко, Мелиев (Дурдиев, 60), Арманд (Темиров, 60), Убайдуллаев, Шодмонов (Ҳолиқулов, 86), Қўзиев (Раҳматуллаев, 65), Шукуруллаев, Васильев (Алиқулов, 46).
Голлар: Дердийок, 25 - 1:0. Дердийок, 57 - 2:0. Черан, 75 - 3:0.
Огоҳлантиришлар: Ифеанйи, 45. Шукуруллаев, 77.