Клуб янгиликлари

Превью. "Пахтакор" - "Сурхон"

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Суперлига 7-турида Термизнинг "Сурхон" жамоасини қабул қилади.

Жамоалар чемпионатлар доирасида ҳозирга қадар 26 беллашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинларда "Шерлар" катта устунликка эга. 20 ўйинда ғалаба қозонган "Пахтакор" бир бор дуранг қайд этиб, 5 учрашувда имкониятни бой берган. Жамоамиз рақиб дарвозасига 83 гол урган ҳолда 25 тўп ўтказиб юборган. Тошкентдаги 13 тўқнашувнинг 12тасида "Пахтакор", биттасида "Сурхон" ғалаба қозонган. "Шерлар" Тошкентда 12 ғалабадан 10тасида йирик ҳисобда зафар қучганлар. Ўз майдонимизда гол уриш борасида кўрсаткичлар 58:8ни ташкил қилади.

Ўзаро баҳслардаги энг йирик натижа 2004 йилда кузатилган. Ўшанда "Пахтакор" термизликларни 8:0 ҳисобида доғда қолдирган. "Сурхон"нинг Тошкентдаги ягона ғалабаси 1994 йил қайд этилган. Ўтган йили уйдаги беллашувда жамоамиз 3:1 ҳисобида зафар қучган.

Ўзаро ўйинларда тўпурар Миржалол Қосимов саналади. У 7 марта Термиз жамоаси дарвозасини ишғол қилган. Азамат Абдураимов 6 бор гол урган. Собир Ходиев, Дилмурод Назаров, Андрей Акопянц, Игорь Шквирин ва Александр Писарев 5тадан тўп киритишган.

"Пахтакор" ва "Сурхон" жамоалари ўртасидаги ўйин 2 июль, пайшанба куни соат 20:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.