"Бунёдкор" билан беллашувдан кейин ўйин давомида бир неча бор жамоамизни голдан қутқарган Элдор Суюнов баҳс тўғрисида фикрларини билдирди.
- Жиззахдаги мағлубиятда биринчи навбатда ўзимиз айбдормиз ва ундан тўғри хулоса чиқардик. Лекин бир нарсани айтиб ўтишим керак: тез ва томошабоп футбол ўйнаш учун текис, яхши футбол майдони бўлиши зарур. Жиззахдаги майдонда эса сифатли футбол ўйнаб бўлмайди, чунки майдон текис эмас ва тез ўйнашга йўл қўймаслик учун атайлаб майдонга сув сепишмади.
"Бунёдкор" билан учрашувда барча жамоадошларим майдонда ўз ишларини аъло даражада бажаришди ва ажойиб ғалабага эришдик. Карантиндан кейинги биринчи ўйинимда майдонга тушганим боис ўйин суръатига тез киришиб кетишим керак эди. Менимча, ҳаммаси биринчи ўйин учун яхши кечди.
Беллашувдан аввал барча жамоалар сингари рақибни чуқур ўрганиб чиқамиз. Жамоани қутқарган вазиятларга келсак, ўша ҳолатларда омадим келди ва қуруқ ўйин ўтказдим. Кейинги ўйинларда ҳам шу руҳда давом этишга интиламиз. Мухлисларни ғалабалар билан телевидение орқали бўлса ҳам хурсанд қилишга уринамиз.