Клуб янгиликлари

Биринчи халқаро ўйин ва Канунниковнинг уч голи

Клуб янгиликлари

1956 йил 28 июнь куни "Пахтакор" илк бор халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушган.

28 июнь куни Эски Жўвадаги "Спартак" стадионида биринчи расмий беллашувини ўтказганига уч ой тўлиб улгурмасдан "Пахтакор" Эфиопия терма жамоаси билан баҳс олиб борди. Эфиопияликлар ўшанда СССР бўйлаб турнеда иштирок этишган. Тошкентга келишдан аввал Тбилисида "Динамо" ва Харьковда "Авангард" билан мазмунли ўйинлар ўтказишганди.

Африканинг номдор терма жамоаларидан бирига қарши баҳс ишқибозларда катта қизиқиш уйғотган. Ўйин қаҳрамони эса "Пахтакор"да бир йил фаолият олиб борган Владимир Канунников бўлган. У африкаликлар дарвозасига киритилган уч тўпнинг барчасига муаллифлик қилган. Мухлислар эса илк халқаро ўйинда ажойиб ғалаба гувоҳига айланишган. Бу баҳсга қадар узоқ йиллар мобайнида мухлислар бундай мақомдаги беллашувини стадионда кузатишмаганди. Канунников эса ўша йили Афғонистонда жамоамизнинг турнесида ҳам икки бор рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, халқаро ўртоқлик беллашувларида ўзини намоён этган.

"ПАХТАКОР" - ЭФИОПИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ - 3:0 (1:0)
1956 йил 28 июнь. Тошкент. "Спартак" стадиони.
"ПАХТАКОР": Пётр Волостнов, Акмал Азизхўжаев, Анатолий Козенков, Виталий Виткалов, Идгай Тазетдинов, Қобил Муқимов, Юрий Усков (Владимир Шеффер), Лазиз Мақсудов, Владимир Канунников, Александр Мурашов, Михаил Боркин.
Голлар: Канунников 38, 51, 83.