"Пахтакор" таркибида ажойиб ўйинлари билан ишқибозлар меҳрини қозонган Вилгельм Қаҳҳоров вафот этди.
У 1938 йил 5 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. "Пахтакор" таркибида 4 мавсум давомида, 1961-64 йилларда ўйнаган. Чемпионат учрашувларида 64 баҳсда 4 гол муаллифига айланган. Ҳимоядаги ишончли ўйинлари сабабли мухлисларнинг севимли футболчиларидан бирига айланган ва СССР олимпия терма жамоаси мураббийлари эътиборини тортган. 1962 йил олий лигада 6-поғона эгалланган мавсумда барча беллашувларда майдонга тушган. 1963 йил Тошкентда Япония миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида ғалаба келтирган ягона гол муаллифига айланган.
Унинг бутун ҳаёти футбол билан боғлиқ бўлди. Ҳаётининг охирги йилларида турли тадбирларда иштирок этиб, футболнинг оммавийлиги учун ўз ҳиссасини қўшди. Вильгельм Қаҳҳоровнинг вафоти муносабати билан "Пахтакор" футбол клуби унинг оиласи, яқинлари ва дўстларига таъзиясини билдиради. Унинг хотирасига ҳамиша қалбимизда яшайди.