Клуб янгиликлари

"Пахтакор" афсоналари: Василис Хадзипанагис

Клуб янгиликлари
Жамоамиз тарихида муҳим ўрин тутган футболчилардан бири Василис Хадзипанагис бўлиб, у 2003 йил УЕФАнинг 50 йиллигига бағишланган мукофотга эга чиққан.

Василис ХАДЗИПАНАГИС
Грециянинг йигирманчи аср иккинчи ярмидаги энг яхши футболчиси деб топилган Василис Хадзипанагис айни пайтда Грецияда истиқомат қилади.

Василис 1954 йил 26 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси грециялик сиёсий иммигрантлар бўлиб, 1949 йилда Тошкентга кўчиб келишган. У футбол борасидаги илк сабоқларини “Динамо” футбол мактабида олган. Ўша пайтда бу жамоа таркибида маҳоратли футболчилар жамланганди. 1972 йилда эса у “Пахтакор”га кўчиб ўтган ва 17 ёшидаёқ жамоанинг асосий таркибидан ўрин эгаллаган. Яхши ўйин намойиш қилгани сабабли унга “Хўжа” лақабини беришган. 1972 йил биринчи лигада 19 учрашувда 4 тўп киритган Хадзипанагис олий лигадаги дебютини Донецкнинг “Шахтёр” клубига қарши ўтказиб, биринчи голини нишонлаган. Ўша баҳсда “Пахтакор” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Тошкентда 1975 йилги мавсум охиригача ўйнаган Лакис кейинчалик Грецияга кўчиб кетади. Шу туфайли у терма жамоалар миқёсида яхши натижаларга эриша олмади. Чунки Хадзипанагис СССР терма жамоаси учун Константин Бесков мураббийлиги даврида Польшада ўтказилган турнирда мезбонлар термасига қарши майдонга тушган. Кейин Грецияга кўчиб ўтгач, ўртоқлик учрашувида айнан полякларга қарши майдонга чиқиб келган. Уни таниб қолишиб, бу ҳақида ФИФАга арз қилишган. Натижада ФИФА Хадзипанагисга Греция терма жамоаси учун ўйнашни маън қилган. Ўша пайтда ФИФА икки терма жамоа сафида ўйнашга умуман рухсат бермаган. Қолаверса, Монреал Олимпиадасининг саралаш босқичида тўрт учрашувда иштирок этган Лакис Грецияга кўчиб кетгани сабабли финал босқичига бора олмаган. Ўшанда олимпиячилар бронза медаллларини қўлга киритишган. Грецияга қайта кўчиб бораётган иммигрантлар оиласи аъзоси сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли қадрдонлари яшайдиган Салоники шаҳрининг “Ираклис” жамоасида ўйнай бошлаган. У вақтда Грецияда футболчилар клублар билан 10 йиллик шартномаларга имзо чекишарди. Шу сабабли Василис бу нарсани бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилган ва “Босман иши” юзага келиши асосчиларидан бири ҳам бўлган. Афсуски, кейин “Ираклис” апелляция натижасида бу ишда ютиб чиққан. Қолаверса, Салоники жамоаси раҳбарияти Хадзипанагисни бошқа клубларга сотишга ҳам рози бўлмаган. Чунки молиявий муаммолар айнан Лакис туфайли ечим топганди. Ўшанда уй учрашувларига келадиган ишқибозлар сони 2-3 мингдан тезлик билан 15 мингга кўтарилган. 1976 йил “Штутгарт”, “Космос” ва “Арсенал” клублари уни сотиб олишни хоҳлашган. “Космос” унга ўша пайтда рекорд миқдордаги маблағ саналган миллион доллар тўлашга рози бўлганди. Бироқ баъзи муаммолар туфайли у фаолиятини “Ираклис”да якунлаган.

1984 йил Хадзипанагис жаҳон юлдузлар терма жамоаси сафида ҳаракат қилган. “Космос” билан ўтган беллашувда у жаҳон юлдузлари учун Беккенбауэр, Кемпес, Шилтон ва Киган сингари ўйинчилар билан бирга ҳаракат қилган. АҚШда бўлиб ўтган учрашувда у “Пахтакор” футболчиси сифатида майдонга туширилган. Унинг ҳаракатларини кузаиш учун грек миллатига мансуб 15 мингдан ортиқ ишқибоз стадионга келган. Греция терма жамоаси таркибида эса 1999 йил, 45 ёшида ягона учрашувини ўтказган! Унинг терма жамоа учун ҳеч бўлмаса бир марта ўйнашини бутун мамлакат истагани туфайли Лакис Ганага қарши баҳснинг охирги 25 дақиқасида тўп тепган ва голли пас муаллифи бўлган!
“Пахтакор” таркибида Хадзипанагис-Ан-Фёдоров учлиги рақиб жамоаларига катта бош оғриғи бўлган. Лакис биринчи ва олий лигада жамоа учун 96 учрашув ўтказиб, 22 тўп киритган. Шунингдек, Кубок ва халқаро ўртоқлик баҳсларида унинг ҳисобига яна 5 гол ёзилган.

Фаолиятини тугатгач, бир муддат “Ираклис”да селекционер, кейинроқ Греция футбол федерациясида ишлади.
1976 йил “Ираклис” билан Греция Кубогига эришган Василис 2003 йил Грециянинг охирги эллик йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Совринни қабул қилиб олар экан, Хадзипанагис терма жамоа учун ўйнай олмагани ва хориж клубларида тўп тепмаганидан афсусда эканлигини таъкидлади.

Унинг финтларини кузатар экансиз, катта тезлик соҳиби бўлмаган эрса-да, рақибларни осонлик билан алдаб ўтганини кўрасиз. Агар унда Европада ўйнашга имконият бўлганда, Хадзипанагис жаҳон даражасидаги футболчига айланиш учун етарли салоҳиятга эга эди. Бироқ унга бу насиб қилмади. Терма жамоада ўйнамаган, клуби билан 15 йилда фақат бир марта Греция Кубогини қўлга киритган, умуман чемпион бўлмаган футболчининг Грециянинг ўтган аср иккинчи ярмидаги энг яхши ўйинчисига айлангани Хадзипаганиснинг нақадар юқори савияда ўйнаганини тасдиқлайди.