Клуб янгиликлари

"Нефтчи" - "Пахтакор": учрашув рақамлари ва маълумотлар

Клуб янгиликлари

Олий лиганинг 2-турида "Пахтакор" Фарғонада "Нефтчи" меҳмони бўлади.

Миллий чемпионат ташкил этилганидан буён олий лигада мунтазам иштирок этиб келаётган уч жамоадан иккисининг тўқнашуви энг принципиал қарама-қаршилик сифатида эътироф этилади. Ҳар икки клуб ўзаро ўйинларда бир-биридан энг кўп очко тортиб олгани буни тасдиқлайди.

Жамоалар олий лигада 50 ўйин ўтказишган. Кичик устунлик "Пахтакор" тарафида - 23 ғалаба, 7 дуранг ва 20 мағлубият. Рақиб дарвозасига 81 тўп киритган "шерлар" 66 тўп ўтказиб юборишган. Фарғонадаги беллашувларнинг 15тасида "Нефтчи" ғолиб чиққан, 5тадан дуранг ва жамоамизнинг ғалабаси кузатилган. Охирги икки мавсумда фарғоналиклар ўз майдонидаги баҳсларда зафар қучишгани эътиборга молик.

Жамоалар Ўзбекистон Кубогида 15 учрашув ўтказганлар ва "Пахтакор" уларнинг 12тасида устун келган. 3 беллашувда рақибнинг ютуғи кузатилган. "Пахтакор-79" хотира турнири ва "Тошкент халқаро турнири" финалларида ҳам жамоаларнинг тўқнашуви рўй бериб, уларда жамоамиз муваффақиятга эришган.

"Пахтакор"нинг энг йирик ғалабаси 6:1, "Нефтчи"да эса 4:0 ҳисобланади. Рустам Дўрмонов ўзаро учрашувларда 12 тўп киритган. Шуҳрат Мақсудов эса ҳар икки жамоа таркибида гол урган ягона ўйинчи саналади.

Фарғонадаги баҳсни Рустам Бобомуродов бошқариб боради. Ҳозиргача у олий лигада жамоамиз иштирокидаги 9 учрашувда ҳакамлик қилган. Уларда 5 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият кузатилган.

"НЕФТЧИ" - "ПАХТАКОР"
Ҳакамлар: Рустам Бобомуродов (Навоий), Артём Калинин (Қарши), Андрей Цапенко (Тошкент вилояти), Даулет Жалимов (Нукус).
Назоратчи: Рашид Айтеков (Тошкент).
ПФЛ вакили: Аҳрол Иноятов.

Ёшлар таркиблари баҳси Қиргулидаги стадионда 7 март, сешанба куни 15:30да бошланади. Асосий жамоалар ўйини 8 март, чоршанба куни Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида 15:00да старт олиши режалаштирилган.