"Пахтакор" - "Шаҳр Ходро" учрашувидан кейин Шота Арвеладзе ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Игорь Сергеев матбуот анжуманида иштирок этишди.
Арвеладзе: - Йигитлар ва мухлисларни йирик ғалаба билан табриклайман. Лекин ўйинимизда барибир камчиликлар борлиги билинди. Мавсум бошида эканимиз сезилди, бир неча хатоларга йўл қўйдик. Иккинчи бўлимда ўйинни ўзгартирдик ва уч гол урдик. Ўйин амалиёти камлиги билинди. Эрон жамоалари жисмонан бақувват эканини таъкидлаш лозим. Шунга қарамай, иккинчи бўлимда улар ҳам чарчаб қолишгандек бўлди.
Футбол жамоавий ўйналади. Дарвозабон қутқариши, ҳужумчи эса гол уриши керак. Бугун шундай бўлди. Хатолар ҳам жамоавий хатолардир. Марказда кўплаб тўп йўқотишларга йўл қўйдик. Бунинг сабаби етарли суръатга кириб олмаганимиз билан боғлиқ.
Рақибни менсимаслик бўлгани йўқ. Статистика ўйинга таъсир кўрсатмайди. Илгари уларни енгган бўлсак, бугун ҳам шундай бўлади дегани эмас. Ўртоқлик ўйинларидан расмий баҳслар катта фарқ қилади. Кейинги ўйинлар олдидан яхшироқ ҳолатга кириб олишга умид қиламиз.
Сергеев: - Қийин ўйин ўтказдик, аммо муҳим ғалабани қўлга киритдик. Бирдамлик билан ўйнаб иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартирдик. Ишқибозларга раҳмат айтаман. Улар бизга катта ёрдам беришди.