Клуб янгиликлари

Муваффақиятли одим йирик ғалаба билан давом эттирилди

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Чемпионлар лигасининг 2-турида "Шаҳр Ходро"ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.

Шота Арвеладзе бу сафар ҳам аввалги ўйинда майдонга туширилган футболчиларга дастлабки дақиқалардан ишонч билдирди. Биринчи бўлимда жамоамиздан Черан, Машарипов ва Сергеевнинг уринишлари ноаниқ чиқди. Меҳмонлар эса қарши ҳужумларга эътибор қаратишди. Суюнов рақибнинг икки аниқ зарбасидан кейин тўпни қайтариб, "Пахтакор"ни голдан асраб қолди.

Иккинчи бўлимда ташаббусга эришган "Шерлар" кетма-кет хавфли вазиятлар билан рақибни довдиратиб қўйишди. Ҳисоб 56-дақиқада очилди. Машарипов жарима майдонида икки ҳимоячини алдаб ўтиб, тўпни Сергеевга оширди. Тўхтатмасдан ўнг оёғида узоқ бурчакни нишонга олган Игорь ҳисобни очиб берди - 1:0.

Орадан уч дақиқа ўтмасдан ажойиб комбинациядан кейин Сергеев дублини нишонлади. Машарипов марказдан Ҳамдамовни ўз узатмаси билан дарвозабон билан бирга-бир ҳолатга чиқариб юборди. Достон янада қулайроқ вазиятда турган Игорга тўпни оширди. Сергеев бўш қолган дарвозани тўпни киритиб қўйди - 2:0.

87-дақиқада Машариповнинг жарима зарбасидан узатиб берган тўпини Аъзамов боши билан дарвозага йўллади ва ҳисобни йириклаштирди. Шу тариқа жамоамиз 2-турда йирик муваффақиятни нишонлади.

"ПАХТАКОР" - "ШАҲР ХОДРО" - 3:0 (0:0)
17 февраль. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 19420 томошабин.
Ҳакамлар: Дилан Перера, Гедара Палитха, Санжива Премалал, Нивон Робеш (барчаси Шри-Ланкадан).
Ҳакамлар назоратчиси: Тору Камикава (Япония).
Комиссар: Жан Хо Кван (Корея).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Аъзамов, Кримец, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Иминов, 80), Ҳамдамов (Собиржонов, 90), Черан (Дердийок, 90+1), Машарипов, Сергеев.
"Шаҳр Ходро": Маҳди Раҳмати, Али Неъмати, Муҳаммад Морадманд, Фаршад Фаражи, Ҳассан Жаъфари (Муҳаммад Ақажанпур, 66), Акбар Содиғи, Милад Сарлак, Саид Содиғи (Ҳуссайн Меҳрибон, 84), Муҳаммадғози Нажафабади, Муҳаммадризо Халатбари, Руҳулоҳ Сайфуллоҳи (Амин Қосиминажод, 64).
Голлар: Сергеев, 56 - 1:0. Сергеев, 59 - 2:0, Аъзамов, 87 - 3:0.
Огоҳлантиришлар: Аъзамов, 45. Черан, 66. Морадманд, 69. Ҳамдамов, 77.