17 февраль куни жамоамиз мавсумдаги иккинчи ўйинини яна Чемпионлар лигаси доирасида ўтказади.
Бу сафар Тошкентга Эроннинг "Шаҳр Ходро" клуби меҳмон сифатида ташриф буюради. Шу пайтгача бу жамоага қарши бирор марта майдонга тушмаганмиз, клуб эса Чемпионлар лигасида дебютант саналади. Саралаш босқичида Баҳрайннинг "Риффа" ва Қатарнинг "Сайлия" жамоаларидан устун келган Машҳад шаҳри жамоаси гуруҳ баҳсларида иштирок этмоқда. 1-турда Дубайда Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" жамоасига қарши кечган беллашувда машҳадликлар 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Ушбу ўйин жамоамиз учун катта аҳамият касб этади. Кетма-кет иккинчи муваффақият орқали гуруҳдаги ҳолатимизни янада яхшилаб олишимиз мумкин. Қолаверса, қитъанинг клублар учун биринчи рақамли турнирида юзлик довонини босиб ўтиш арафасида турибмиз. Юбилей беллашувни Тошкентда ғалаба билан якунлаш мухлислар учун ҳам ўзига хос совғага айланади.
"Пахтакор" ва "Шаҳр Ходро" жамоалари ўртасидаги ўйин 17 февраль, душанба куни 16:00да "Пахтакор" стадионида бошланади. Содиқ ишқибозларимизни доимгидек катта футбол оқшомида "Пахтакор"да кутиб қоламиз.