"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе ва жамоа сардори Егор Кримец "Шабаб Ал Аҳли" билан учрашувдан аввалги матбуот анжуманида иштирок этди.
Арвеладзе: - Мавсум бошланаётгани билан барчани табриклайман. Тошкентда икки учрашув орқали мавсумни бошлаймиз. Бу мухлислар учун ёқимли бўлиши табиий. Гуруҳимиз кучли. Ишқибозларни стадионга чорлаб қоламан.
Олдимизга гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган. Ҳозирги ҳолатимиз яхши, лекин ўн ўйин ўтказганингда яхшироқ вазиятда бўласан. Ўтган йили ҳам биз учун мавсум шундай бошланганди. Рақибимиз ҳужумкор футбол ўйнайдиган жамоа. Таркибида яхши футболчилари бор. Чемпионатида яққол пешқадамлик қилмоқда. Барча ўйинчи эртанги беллашувда иштирок этишга шай ҳолатда туришибди.
Биз ўз ўйинимизни, ҳужумкор футболни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Қолгани ўйиннинг қандай кечишига боғлиқ.
Кримец: - Биз ўзимиз кутаётган мавсумни бошлаймиз. Мухлисларни стадионга келиб, бизни қўллаб туришларини сўрайман. Уларнинг ишончини оқлашга интиламиз.
Сафимизга келиб қўшилган Дердийок жуда яхши инсон ва ўйинчи эканлигини кўрсатди. У бизга тез қўшилиб кетди. Вақт ўтиши билан жамоага яхшироқ киришиб кетади. Рақибдан бирор ўйинчини кўрсатиб ўтирмасдим. Жамоавий яхши ўйнашга интилишади. Биз ўз футболимизни намойиш этишга уринишимиз керак.