2019 йил Суперлигада жамоамиз уйдаги учрашувларда мухлис йиғиш борасида яхши натижа қайд этди.
Суперлига баҳсларига ўртача ташриф 5541 нафарни ташкил қилган ҳолда "Пахтакор" стадионида ўтган беллашувларни ўртача 8880 нафардан ишқибоз кузатиб борди. Бу борада мухлисларимиз иккинчи поғонадан жой олишди. Фақат "Навбаҳор" уйдаги ўйинларда кўпроқ мухлис йиға олди. Сафарда эса энг кўп мухлис "Пахтакор" иштирокидаги баҳсларга келган. Бу жамоамизга бўлган қизиқиш барча жойда жуда юқори бўлганини билдиради.
Бундан ташқари, "Пахтакор" Чемпионлар Лигасида уй ўйинларига ишқибозлар ташрифи бўйича Ғарбий минтақада учинчи ўринда жойлашган. Стадионимиздаги ҳар бир учрашувга ўртача 24972 нафардан мухлислар келган. Бу эса Эрон грандлари "Истиқлол" ва "Персеполис"дан кейин бизнинг минтақада энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бутун Осиёда эса Чемпионлар Лигасида "Пахтакор" кучли олтиликда турибди. Хитойнинг "Гуанчжоу Эвергранд" ва "Бейжинг Гоан", Япониянинг "Урава Редс" клубларида ҳам бу борада кўрсаткич яхшироқ.