Финал олдидан матбуот анжуманида бош мураббийи Шота Арвеладзе, футболчилар Егор Кримец, Жалол Машарипов, Игорь Сергеев ва Одил Ҳамробеков иштирок этди.
Арвеладзе: - Биринчи навбатда ташкилотчиларга футболга оид тадбир нафақат стадионда, балки шундай жойда ўтказилаётгани учун раҳмат айтаман. Биз ҳам омма олдига борамиз. Йигитларга ажойиб ўйин ва натижалар учун миннатдорчилик билдираман. Мухлисларга ҳам катта раҳмат. Ўтган йили ушбу рақибга финалда имкониятни бой бергандик. Биз ўйинга жиддий тайёрландик. Эртага ғалаба қозонишни истаймиз.
Биз сирларимизни очиб ўтирмаймиз. Сюрприз бўлсин. "Пахтакор" учун мос ҳужумкор футбол кўрсатишда давом этамиз.
Яхши майдон ва шароит бўлса, қаерда ўйнашнинг катта фарқи йўқ. Чиройли футбол кўрсатишга шароит бўлса етарли. Ўйлашимча, эртага стадион тўлади, майдон яхши ҳолатда. Ташкилий ишлар юқори даражада адо этилади.
Эртага мавсум давомида ўзини кўрсатган ва ҳозирда энг яхши ҳолатда бўлган футболчилар майдонга тушади. Ёшларга эса доим имконият берилади.
Сергеев: - Бундай одам кўп жойда ўзимни бироз йўқотиб қўйишим мумкин. Мухлисларимизга мени руҳан қўллаб туришганига раҳмат дейман. Бир йил олдин финалда ютқазгандик. Бу жуда аламли бўлганди. Эртага кескин ўйин кечади ва насиб қилса, биз реванш оламиз.
Машарипов: - Ассалому алайкум! Ўйинларимизни кўриб, қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик айтаман. Эртага стадионга келинглар, биз Чемпионлар Лигасида бўлганидек чиройли футбол кўрсатишга уринамиз. Олдимизга ҳар уч мусобақада ғолиб чиқиш мақсадини қўйганмиз. Бунинг учун ҳаракат қиламиз.
Ҳамробеков: - Финални мухлислар сингари биз ҳам кутяпмиз. Эртага мухлислардан стадионга келишни сўраб қоламан. Биз чиройли футбол намойиш қилишга интиламиз. Эркин Бойдуллаев ёшлигимдан кўп нарсаларни ўргатган. Аммо эртага биз рақибмиз. Ҳакам ҳуштаги чалиниши билан рақибларга айланамиз. Ўйингача ва ўйиндан кейин ака-укалик давом этади.
Кримец: - Адашмасам, иккинчи марта матбуот анжумани шундай ажойиб жойда ўтказилмоқда. Кўп гапирмайман, эртага жамоамиз майдонда гапиради. Биз олдимизда турган шу уч чиройли кубокни қўлга киритишга интиламиз. Ишқибозларни стадионга таклиф этамиз.