"Қайрат" футбол клубининг 65 йиллик тадбирида қатнашиш учун "Пахтакор" жамоаси фахрийлари Олма-Ота шаҳрига етиб келишди.
"Қайрат" клуби вакиллари томонидан дўстона равишда Олма-Ота шаҳри аэропортида "Пахтакор" делегацияси кутиб олинди. Меҳмонхонага жойлашилгач, кун давомида "Қайрат" футбол академияси ва жамоа базасига кичик саёҳат уюштирилди. Квочкин, Пехлеваниди ва Сегизбоев номидаги академияларда болаларнинг футбол билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар фахрийларимизда илиқ таассурот қолдирди.
Шундан сўнг шаҳар четида жойлашган Бесагаш базасига ташриф буюрилди. Бу ерда асосий ва ёшлар жамоаси учун жаҳон талабларига мос тарзда муҳайё этилган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Айтиш мумкинки, "Қайрат" бу борада Европанинг исталган гранди билан беллаша олади.
"Қайрат" футбол клубининг 65 йиллигига бағишланган "Қайрат" ва "Пахтакор" фахрийлари иштирокидаги учрашув 7 сентябрь, шанба куни Тошкент вақти билан 18:00да Олма-Отадаги "Марказий" стадионда бошланади.