1979 йилги авиаҳалокатга 40 йил тўлгани сабабли бир қатор хотирлаш тадбирлари ўтказилгани ҳақида маълумот бергандик.
Шундай тадбирлардан бири АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилди. Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси, "Mahalla USA" ташкилоти ҳамда "Мустақиллик Кубоги" (АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган) ташкилий қўмитаси ҳамкорлигида 11 август куни "Пахтакор Нью-Йорк" ва кўп миллатли инсонлардан ташкил топган "USA" жамоалари иштирокида "Пахтакор-79" хотирасига бағишланган ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси Бахтиёр Иброҳимов, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консули Камол Икромов, АҚШ ва Канадаги Бухоро яҳудийлари конгресси координатори Рафаэль Некталов, шаҳар ҳокимиятидан Ари Каган сингари шахслар иштиок этишди. Ўзбек футболи фахрийларидан Вячеслав Ширин, Олим Тиллаев, Эльшан Гамбаров каби футболчилар хотиралари билан ўртоқлашишди. Футбол учрашувида эса "Пахтакор Нью-Йорк" рақибини ишончли тарзда мағлубиятга учратди.
"Mahalla USA" президенти Абдумалик Аҳмедов ушбу кунга аталган махсус кубокни "Пахтакор" футбол клуби музейига тақдим этиб, "Пахтакор" футбол клуби бош директори Дмитрий Адисманга миннатдорчилик битилган мактуб жўнатди.
"Пахтакор" футбол клуби клуб ва ўзбек футболи, мамлакатимиз тарихи, анъаналари ва шуҳратини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ҳамиша қўллаб-қувватлайди ва АҚШда ушбу тадбир ўтказилишига ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорчилик билдиради.