Ҳозирча 32 учрашувда майдонга тушган жамоамиз 83 тўп киритди. Бир ўйинда рақиб дарвозаси ўртача 2,6 мартадан ишғол этиб келинмоқда. Чемпионлар лигасида 8 ўйинда 11, Ўзбекистон Кубогида 2 баҳсда 7, Лига Кубогида 4 беллашувда 7 ва Суперлигада 18 баҳсда 58 тўп киритилган. Эътиборлиси, Суперлигада "Пахтакор" 58 гол билан бу борада мутлоқ пешқадам бўлиб турибди. Бизга энг яқин жамоа "Локомотив" ҳозирча 30талик довонни ҳам забт этмаган - улар 29 гол уришга эришган.
"Пахтакор" ҳисобида ҳозирча 8та йирик ғалаба мавжуд. Иккинчи даврада кетма-кет 4 баҳсда йирик зафарлар қўлга киритилди. Мавсум тугашига 8 тур қолганда энг яқин таъқибчи билан фарқ 15 очкони ташкил этмоқда. Кейинги ўйинларда яна 10 очко тўпланган тақдирда "Шерлар" 12-бор Ўзбекистон чемпионига айланишади.
Суперлигада тўпурарларга тўхталадиган бўлсак, Драган Черан 22 гол билан якка пешқадам бўлиб турибди. Унга энг яқин футболчи 11 тўп муаллифи бўлган. Чераннинг ўзи Суперлигада 8 жамоадан кўпроқ гол урган ва яна 2 жамоа билан бир хил тўп киритган. Фақатгина уч жамоа Драгандан кўпроқ гол уришга эришган. Черан ҳозиргача 2 хет-трик ва 6 марта дубл муаллифига айланиб улгурди. Жорий мавсумда у Суперлигада 10 жамоа дарвозасини ишғол қилди. Фақат "Насаф", "Сурхон" ва "Динамо" дарвозаларини ҳозирча ишғол эта олмади. Игорь Сергеев ҳисобида 10 гол мавжуд бўлса, Марат Бикмаев 8 тўп киритган. Ҳужумдаги ушбу учлик Суперлигада 58 голдан 40тасини уриб бергани эътиборга молик.