Клуб янгиликлари

Геннадий Красницкийнинг таваллудига 79 йил тўлди

Клуб янгиликлари

Бугун Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси Геннадий Красницкий таваллуд топган кун.

ГЕННАДИЙ КРАСНИЦКИЙ 
Тўлиқ исми: Геннадий Александрович Красницкий
Туғилган санаси ва жойи: 27.08.1940, Тошкент
Вафот этган санаси ва жойи: 12.06.1988, Қўрғонтепа, Тожикистон
Амплуаси: ҳужумчи
Фаолияти: "Пахтакор" 1958-1970 (400дан ортиқ учрашув, 200дан ортиқ гол)
СССР терма жамоасида 3 ўйин ўтказиб, 1 гол муаллифи бўлган.
Мураббийлик фаолияти: 1970 "Трактор", 1971 "Пахтакор", 1972 "Янгиер", 1973 "Трактор", 1974-76 "Пахтакор", 1977 "Янгиер", 1983-85 "Звезда" (Жиззах).
1986-87 йилларда Республика касаба уюшмалари қўмитасида футбол бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган.
Григорий Федотов тўпурарлар клуби аъзоси (113 гол билан). "Шуҳрат" медали соҳиби (2006 йил).
"Пахтакор"да 322 учрашувда 142 гол уришга эришган.

Ўзбек футболи тарихида Геннадий Красницкийнинг исми муҳим ўрин тутади. Чунки у биринчи бўлиб Григорий Федотов номидаги тўпурарлар клубига аъзо бўлишни уддалаган, Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси деб топилган. "Пишевик" стадионида миллионлар ўйини билан шуғулланишни бошлаган Генадаги иқтидорни унинг биринчи мураббийи Геннадий Ермаков ўз вақтида пайқаган. Айнан Ермаков мусобақа ташкил қилиб, иқтидорли болаларни танлаб олган пайтда уларнинг қаторида Гена ҳам бор эди. 1956 йилда Красницкий Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сафида "Пахтакор" Марказий стадионида майдонга тушганди. Унгача эса ўсмирлар таркибида бир неча мусобақаларда ғалаба қозонган. 1958 йил 18 ёшга тўлган ўйинчини мамлакатнинг бош жамоаси ҳисобланган "Пахтакор"га қабул қилишади. Ўзининг биринчи учрашувидаёқ Гена буюк истеъдод эгаси эканлигини намойиш қилади. Ўша куни биринчи лигада Нижний Тагилнинг "Металлург" клубига қарши учрашувда Красницкий 79-дақиқада ҳисобни 2:0га етказди. Биринчи мавсумда ҳужумчи 12 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.

Кейинги мавсумларни ҳам у ажойиб тарзда ўтказди. 1959 йил 12та гол урган Гена жамоасининг олий лигага йўлланма олишига ўз ҳиссасини қўшди. 1960 йил илк марта олий лигада ўйнаган иқтидор эгаси ўзини йўқотиб қўймади ва бирин-кетин тажрибали саналган ҳимоячиларни ортда қолдирди. Мавсумни 19 бор тўп киритган ҳолда якунлаган Красницкий кўпчиликнинг эътиборини тортди. 1961 йилда дастлабки етти учрашувдан кейин унинг ҳисобида олти гол бор эди. Бу нарса терма жамоа мураббийлари диққатини ҳам ўзига жалб қилди ва Красницкий навбатдаги йиғинга таклиф этилди. Дебютини у Варшавада Польша термасига қарши кечган ўйинда нишонлади. Ўша пайтларда польшаликлар нафақат Европанинг, балки жаҳоннинг етакчи жамоаларидан бири сифатида эътироф этилишарди. Баҳс 1:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Мазкур беллашувда ҳамюртимиз кейинчалик бутун жаҳонга машҳур мураббийга айланган Валерий Лобановскийнинг ўрнига майдонга тушган. Умуман олганда, миллатчиликка йўл қўйилмаган тақдирда Гена терма жамоа билан кўпроқ учрашувларда иштирок этиши ҳам мумкин эди. Лекин у вақтда терма жамоада асосан рус ва украин ўйинчилар тўп тепишарди. Қолган миллат футболчилари ҳар қанча ажойиб ўйин кўрсатишмасин, фақат ўртоқлик ўйинлари ёки йиғинларга таклиф қилинарди. Европа ва жаҳон чемпионатининг финал баҳсларига мураббийлар ўз "қадрдон"ларини таклиф этишган. Иккинчи ўйинини Красницкий 1965 йил Австрия термаси билан Москвадаги учрашувда ўтказган. Ўша куни Игорь Нетто терма жамоадаги фаолиятига якун ясаган. 1966 йил Югославия билан Белградда ўтган беллашувда Гена терма жамоа учун биринчи ва охирги голини урган. Ўшанда Англиядаги жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган терма жамоа мундиалдан кейинги илк баҳсида майдонга тушганди.

Бу орада унинг клубдаги фаолияти анча яхши давом этди. 1961 йил 20 тўп киритиб яна бир ажойиб кўрсаткични қайд этди. Ўша мавсумда у 24 учрашувда майдонга тушганди. Шу кўйи Красницкий фаолиятининг охиригача "Пахтакор" учун ўйнашда давом этди. 1971 йилда эса фаолиятини тугатишга қарор қилди. Шу йиллар ичида Жанубий Америкага уюштирилган турнеда қаҳрамонликлар кўрсатди (жаримадан ажойиб голлар уриб, дарвоза тўрини тешиб юбориб), Григорий Федотов номидаги тўпурарлар клубига аъзо бўлган биринчи "пахтакорчи"га айланди. Унга кўп марта тазйиқ ўтказишга уринишган, спорт устаси унвонини ярим йилдан кейин бекор қилишган, турли гап-сўзларни тарқатишган.

Диего Марадона ўзининг футболни танлашига сабаб сифатида айнан Красницкийнинг узоқ масофадан дарвоза тўрини тешиб юборган голини тилга олган. Генага ҳавас қилган аргентиналик болакай охир-оқибат юлдузга айланди. Бу фактни кўпчилик ҳозиргача билмаган бўлиши мумкин. Марадона ўша гол ҳақида ёзилган мақолани ўз архивида сақлаб қўйган.

Красницкий футбол, Тошкент ва "Пахтакор"ни севган. Ўзи туғилиб ўсган юрт футболининг ривожланиши учун бор кучини берган. Матбуот томонидан унга уюштирилган ҳужумлар сабаби нимада бўлган? Эҳтимол, Москва ёки Киевнинг "Динамо"си ёки ЦСКАнинг таклифини қабул қилмагани учундир. Бошқа футболчилар юқоридаги клублардан таклиф бўлишини кутиб яшашарди ва биринчи имкониятдаёқ ўйлаб ўтирмасдан четга равона бўлишарди. Гена бўлса бир неча марта таклиф олганига қарамай, фаолиятининг охиригача "Пахтакор"га, Ўзбекистонга содиқ қолган. Охир-оқибат уни тан олишди. Шундай ҳоллар юз берганки, бошқа мамлакатлардан мухлислар айнан Красницкийнинг ўйинини кўриш учун Тошкентга келиб кетишган!

Футболчилик фаолиятини тугатгач, у "Трактор", "Пахтакор", "Янгиер" ҳамда "Звезда" жамоаларида ишлаган. Умрининг охирги йилларида эса назоратчи сифатида хизмат қилган. 1988 йилнинг 12 июнь куни у Тожикистонда навбатдаги учрашувда ўз вазифасини бажарган. Ўйин якунига етгач, кутилмаганда Красницкий ўзини учинчи қаватдан ерга ташлаб юборган ва ҳаётдан кўз юмган.

Жуда кучли зарбага эга бўлган Генанинг бу қобилияти кўплаб рақибларга қийинчилик туғдирган. Унинг зарбасидан сўнг ноқулай аҳволга тушиб қолиш дарвозабонлар учун оддий ҳолатга айланган.

Гена жарима зарбаларини узоқдан югуриб келиб тепарди. Унинг шу ҳаракатининг ўзидаёқ рақиблар талвасага тушишарди. Шунингдек, 185 см бўй, 90 кг вазн ва 39-ўлчамли бутсида берилган зарбадан кейин тўп фантастик куч билан учарди. Ҳа, Красницкий шундай иқтидор соҳиби эди.

Бугунги кунда Красницкийнинг номи Ўзбекистон футбол тарихига ёзиб борилмоқда. У ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб топилди, ҳар йили турли хотира турнирлари ўтказиб келинади. Шунингдек, таниқли футбол журналисти Владимир Сафаровнинг Красницкийнинг ҳаётига бағишланган китоби нашрдан чиққан. ЎФФ ижроия қўмитаси эса "Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клуби"ни ташкил этишга қарор қилди. Бу фактлар ушбу футболчининг хотираси ҳозирги ва кейинги авлод томонидан ҳам ёдга олинишини кўрсатиб турибди.