1979 йил 11 август юз берган фожиага 40 йил тўлди.
Минскнинг «Динамо» клуби билан учрашувга йўл олган ўша жамоа аъзолари бу ўзлари учун сўнгги сафар бўлиши мумкинлигидан бехабар эдилар. Анъанага кўра, ҳар йилнинг 11 август санасида шонли жамоа вакиллари ёдга олинади. Бу сафар ҳам ундан мустасно бўлгани йўқ.
Эрталабдан "Пахтакор" стадионидаги ёдгорлик олдида клуб раҳбарияти, ўша жамоа аъзоларининг оиласи ва яқинлари, мураббий ва мутахассислар, мухлислар, клублар, ЎФА ва ПФЛ вакиллари, "Пахтакор"нинг айни пайтдаги футболчилари жам бўлишди. Дастлаб Мирзаҳаким Тўхтамирзаев сўзга чиқиб, ўша жамоа тўғрисида фикрлари ва хотираларини айтиб ўтди. Кейин эса футболимиздаги энг таниқли журналистлардан бири Владимир Сафаров, грузиялик машҳур футболчи Александр Чивадзе, Red Metal AG Amalco Group Company вакили Васа Радженович, ЎФА фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов ва бошқалар сўзга чиқиб, шонли жамоа аъзоларини ёдга олиб ўтишди. Ҳозирги футболчилардан ўша жамоага муносиб ворис бўлишни тилашди. Ёдгорлик пойига гуллар қўйилгач, Боткин қабристонига йўл олди.
Боткин қабристонида Идгай Тазетдиновнинг беваси Алла Тазетдинова, "Пахтакор" афсоналари Василис Хадзипанагис, Тўлаган Исоқов сўзга чиқишди. Исоқов ўзи билан бирга ўйнаган жамоадошларини тарбиялаган инсонлар олдида тиз чўкиб, уларга миннатдорчилик бидирди. Таниқли журналист Мавлон Шукурзода, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, "Пахтакор" футбол клуби бош директори Дмитрий Адисман ўша жамоа вакиллари ҳамиша қалбимизда мангу яшаши, уларнинг хотирасини ёд этиш, ҳар доим эсга олиш ҳақида айтиб ўтишди.