Клуб янгиликлари

“Пахтакор-Куриловка” жамоаси қандай ташкил этилган?

Клуб янгиликлари


“Пахтакор-79” жамоаси хотирасига бағишланган “Хотира қанотлари” турнирида “Пахтакор-Куриловка” жамоаси иштирок этиши ҳақида хабар бергандик.

 

Ўзбекистоннинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдуалиев, “Фармак” (Украина) компанияси, Фила Жибровская, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Украина футбол федерацияси, “Пахтакор” футбол клуби, Куриловка қишлоқ қўмитаси кўмаги билан “Пахтакор-Куриловка” жамоаси “Пахтакор-79” хотирасига бағишланган халқаро турнирда иштирок этади. 1979 йил 11 август куни “Пахтакор” жамоаси айнан Куриловка қишлоғи осмонида ҳалокатга учраганди. 2009 йил ушбу қишлоқда “Пахтакор” жамоаси хотирасига атаб ёдгорлик очилган. 2013 йил Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси, ўзбек футболи фахрийси Ҳабибулла Абдуалиев ва бир гуруҳ ишқибозлар ташаббуси билан Куриловка қишлоғида “Пахтакор” жамоаси ташкил қилинди. Жамоа зарур спорт ва футбол экипировка ҳамда анжомлари билан таъминланди.

 

“Пахтакор-79” фожиасига 40 йил тўлиши олдидан 1988 йилги Олимпиада чемпиони Евгений Яровенко “Пахтакор”нинг ўша таркиби ҳақиқий профессионаллардан ташкил топгани, улар бутун Иттифоқ бўйлаб мухлислар ёқтиришганини таъкидлади. Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги илиқ муносабатлар давом этишига умид билдириб, жамоа ҳамиша украиналиклар томонидан эсланиб, ёдгорликка эътибор қаратилиши ҳақида сўзлади.

1983 йил СССР чемпионига айланган Олег Таран Ўзбекистонда доимо уларни илиқ қарши олишганини таъкидлаб, стадион мухлислар билан тўлиб туришини ёдга олди. “Пахтакор” футболчилари маҳоратига доими тан берганини айтиб ўтди.

1988 йил СССР чемпиони бўлган Алексей Чередник “Пахтакор” Ўзбекистоннинг халқ жамоасига айланганини эслаб, ўша жамоадаги кўплаб футболчилар билан терма жамоа йиғинларида бирга бўлганини таъкидлади. Ўша “Пахтакор” собиқ Иттифоқнинг энг кучли беш жамоасидан бири бўлганини эътироф этди.