Улар жамоа ва футболчи, мураббийларга оид ҳар қандай муаммони тез ҳал қилишга ёрдам беришади. Мансур Толибжонов "Пахтакор"да маъмур бўлиб ишлаган даврида ҳатто майда камчиликларга йўл қўймасдан фаолият кўрсатиб, жамоанинг олға боришига ёрдам берган.
Мансур Толибжонов 1944 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ёшлигидан футболга қизиққани сабабли 1962 йил "Пахтакор" футбол мактабини тамомлаган. 20 ёшидан катта футболдаги фаолиятига киришган. Бир неча йил Андижоннинг "Оқ олтин" жамоасида ҳимоячи позициясида тўп тепган. 1970-йиллар бошида Гулистоннинг "Пахтачи" жамоасида ўйнаган. 1978 йилда яқин дўсти Ҳамид Раҳматуллаевнинг тавсияси билан "Пахтакор"га маъмур сифатида ишга келган. Ишни яхши йўлга қўйгани, ҳар қандай муаммони ҳал эта олгани билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган. Афсуски, 1979 йил 11 августдаги авиаҳалокат унинг ҳам ўлимига сабабчи бўлган.
Мансур Толибжоновнинг ишини унинг укаси Асқар Толибжонов давом эттирди ва "Пахтакор"да 22 йил давомида турли раҳбарлик лавозимларида ишлади. Айни пайтда Мансур Толибжоновнинг жияни Достон Толибжонов "Пахтакор"да маъмур сифатида фаолият юритмоқда.
Ўлимидан кейин Мансур Толибжонов "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган. У Тошкент шаҳридаги Яккасарой қабристонига дафн қилинган.