Сирожиддин Бозоров 1961 йил Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган. Болалигидан футбол билан шуғулланиши натижасида 1972 йил Республика спорт-интернатига ўқишга кирди. Чидамлилик, эпчиллик ва мақсадга интилиши, футболни жуда севиши билан алоҳида кўриниб турарди. Биринчи устози Вадим Ятченко унга миллионлар ўйини сирларини ўргатган. Икки йилдан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафига чақириган. Интернатнинг 10-синфида ўқиб юриш чоғида у "Пахтакор"нинг ўринбосарлар жамоаси таркибида ўйнаган.
1978 йил собиқ Иттифоқ ёшлар Спартакиадасида Ўзбекистон ёшлар термаси таркибида кумуш медалга сазовор бўлган.
Сирожиддин авиаҳалокатда дунёдан кўз юмган ўн етти футболчи орасида энг кичиги эди. 10 август куни у 18 ёшга тўлганди. Фожиадан икки кун олдин Сирожиддин институтга кириш учун имтиҳонлардан бирини муваффақияти топшириб чиққан. Минскка йўл олишни хоҳламагани ҳақида кўпчилик эслайди. Имтиҳон сабабли ўринбосарлар билан учмагани, асосий таркибда жароҳат кўплиги туфайли у асосий таркибда тушиши мумкинлиги тўғрисида бир неча одам эслаб ўтган. Онасини кўриб келиш учун Самарқандга отланишни хоҳлагани, паспортини Қибрайдаги базада қолдириб кетгани ҳақида айтилган. У "Пахтакор" асосий таркибида майдонга тушиб улгурмасдан 18 ёшида ҳалок бўлган.
Сирожиддин Бозоров Самарқанд вилояти, Нарпай туманида ўзи туғилиб ўсган Тортувли қишлоғи қабристонига дафн этилган.