Александр Корчёнов 1949 йил Қозонда таваллуд топган. У Қозондаги “Меҳнат захиралари” футбол жамоаси мактабида шуғуллана бошлаган. Биринчи мураббийи А.Дятлов бўлган. 1970 йил "Рубин" таркибида ўйнаган. Кейинчалик Чебоксарининг "Энергия" ва Нальчикнинг "Автомобилист" клублари сафида СССР чемпионати қуйи лигаларида тўп тепган. 1972 йилги мавсумни яхши ўтказгач, унга "Пахтакор"дан таклиф бўлади.
Тошкентда яхши жамоа шакллантирган Вячеслав Соловьёв уни "Пахтакор"га таклиф этган. 1973 йил илк марта олий лигада ўйнаган Корчёнов ўзининг яхши жиҳатлари билан кўпчиликнинг ёдида қолди. 26 учрашувда 1 тўп киритди. Шу тариқа у асосий ярим ҳимоячилардан бирига айлана олди.
Ўзининг энг яхши ўйинларини Александр айнан “Пахтакор”да кўрсатди. Корчёнов ярим ҳимояда ҳақиқий етакчига айланиб, қийин вазиятларда жамоадошларини олға чорлаши билан ажралиб турарди. Корчёновнинг ўйинида кўзга ташланиб турадиган турли жиҳатлар мужассам эди - тезкорлик, чидамлилик, тўп билан аниқ ишлаш, ўйинни ўзига олиш ва ҳужумга ўтиш. Узоқ йиллар фаолият олиб боргани сабабли деярли маҳаллий ўйинчилардек мухлислар орасида катта обрўга эга бўлган. Жамоани ҳар тарафлама майдонда ва унинг ташқарисида айнан Корчёнов бошқарарди. Шу сабабли у жамоа сардори этиб тайинланган. Интизомга қаттиқ риоя қилиши билан бошқаларни ҳам шунга чорлаган.
Етти йилга яқин вақт ичида у чемпионатларда 196 бор "Пахтакор" либосида майдонга тушиб, 12 гол муаллифига айланган. 1979 йилги мавсумда 18 баҳсда 1 тўп киритишга эришганди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида СССР халқлари Спартакиадасида иштирок этган.
11 августда рўй берган авиаҳалокатдан сўнг унинг ўғли отасининг касбини давом эттириб, бир қатор жамоаларда ўйнади.
Александр Корчёнов Қозон шаҳар қабристонига дафн этилган.