Ёш ҳужумчи Владимир Собиров "Пахтакор"нинг умиди сифатида баҳоланиб, ўз ўйинлари билан ишқибозлар меҳрига сазовор бўлган.
Владимир Собиров мухлислар қалбида тўп учун доимо курашда рақиблардан устун келишга қодирлиги билан ном қозонган. Ёшлигидан футболга ошно тутинган Володя 1975 йилда Герман Титов номидаги республика спорт интернатини тугаллагач, "Пахтакор"нинг иккинчи жамоасига қабул қилинади. Яхшироқ тажрибага эга бўлиш учун у 1977 йил СССР чемпионати иккинчи лигасида ўйнаган Хоразмнинг "Хонқа" жамоасига кўчиб ўтади. Собиров у ерда "Пахтакор" ва "Динамо" (Киев)да тўп тепган Сергей Доценко қўл остида майдонга тушади. 1977 йил Ўзбекистон Кубоги соҳиби бўлиб, кейин яна "Пахтакор"га қайтади. Техник ва фикрлаш тарафдан яхши савияда ўйнаган Собиров Идгай Тазетдиновнинг таклифига кўра, 1979 йил юртимизнинг бош жамоаси учун тўп тепишни бошлади. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида СССР халқлари VII Спартакиадасида иштирок этган. Ҳалокатдан аввал Владимир асосий таркибдан жой олишни бошлаганди. Жами 4 учрашувда майдонга тушганди. Афсуски, Минскка йўл олиш чоғида Владимир Собиров ҳаётдан кўз юмди.
Унинг изидан ўғли Олег Собиров муносиб борди. У икки карра Ўзбекистон чемпионига айланди, икки бор Ўзбекистон Кубогида ғолиб бўлди. Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ ўйнаб, у ерда ҳам чемпионликка эга чиқди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида майдонга тушиб, отасининг ишини муносиб давом эттирди.
Владимир Собиров Бухоро шаҳар қабристонига дафн этилган.