Ҳужумчи Виктор Чуркин ўз номини футболимиз тарихида қолдира олган футболчилардан бири ҳисобланади.
1952 йил Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида таваллуд топган Виктор ёшлигидан футболга қизиқади ва укаси Юрий билан бирга Виктор Плясунов қўл остида миллионлар ўйини билан шуғулланишади. Ҳар иккисининг иқтидори вақт ўтгани сари кўпчиликда илиқ таассурот қолдирган. 18 ёшидаёқ Виктор Чимкентнинг "Металлург" жамоасига қабул қилинган. Бу жамоада у иккинчи лига беллашувларида майдонга тушишни бошлаган.
1971-75 йиллар оралиғида Чуркин ҳарбий хизматга чақирилиб, Ростовнинг СКА клуби шарафини ҳимоя қилган. 1971 йил СКА билан СССР Кубоги финалида "Спартак"ка қарши майдонга тушган. Ростов жамоаси таркибида беш мавсумда 29 гол муаллифига айланган.
1976 йил эса у фаолиятини "Пахтакор"да давом эттиришга қарор қилди. Унга "Қайрат"дан ҳам таклиф бўлган, бироқ Чимкент Тошкентга яқинроқ жойлашгани сабабли Виктор "Пахтакор" учун ўйнашга қарор қилади. Биринчи лигада ўтказилган дастлабки икки мавсумда у 15 тўп киритишга эришди. 1978 йил у "Пахтакор" сафида 20 беллашувда 5 гол уради. 1979 йилги мавсумда эса шунча тўпни 17 учрашувда киритиб улгурганди.
Ҳужумдаги дриблинглари, чаққон ва ақлли ўйини Чуркинни бошқалардан ажратиб турган. Укаси Юрий узоқ йиллар мобайнида Россия ва Ўзбекистон клублари таркибида ўйнади. Футбол сари машаққатли йўл босиб ўтган Виктор эса айни фаолияти чўққисида авиаҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмди.