"Пахтакор" футбол академиясида Тошкент шаҳридаги болалар мураббийлари учун илмий-услубий сабоқлар ўтказилмоқда.
Мураббийлар тайёрлашда тажрибали йўриқчилардан бири саналган Ислом Аҳмедов "Пахтакор" футбол академиясига директор этиб тайинлангач, нафақат клуб, балки Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган футбол мактабларида ишлаётган болалар мураббийлари учун илмий-услубий сабоқлар ўтказиш анъана тусини олди. Ҳар ҳафтада мураббийлар йиғилиб, болалар билан ишлашда замонавий услублар, машғулот ўтказиш, замонавий тенденциялардан фойдаланиш каби жиҳатларда билимларини ошириб боришмоқда. Бунда мураббийлар ўзаро суҳбатлашиб, тажрибаларини ўртоқлашишмоқда.
"Пахтакор" академияси Тошкент шаҳри маҳаллаларида кўча футболи бўйича ўйинлар ташкил этиб, унда иқтидорларни аниқлаш ва футбол мактабига жалб қилиш бўйича иш бошлаб юборган. Бу борада ҳам ишларни яхши йўлга қўйиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.