Николай Куликов 1952 йил Москвада туғилган. Футбол билан ёшлигидан шуғулланишни бошлаб юборган. 1965 йил Москванинг "Динамо" жамоаси футбол мактабида тажрибали мураббийлар Владимир Кесарёв ва Сергей Соловьёв қўл остида миллионлар ўйини сирларини ўрганиб борган. Ҳарбий хизматни ўтагач, уни Ўзбекистонга таклиф этишади. Ўша пайтда яхши жамоага айланган Хоразмнинг "Хонқа" жамоасига келиб қўшилди. У ерда икки йил ўйнагач, кейинчалик ишончли ўйинлари билан иккинчи лига иштирокчиси бўлган "Янгиер" сафига қўшилган. Ушбу жамоада ҳам ўнг қанот ҳимоясида рақибларни қийнаб ташлаган Куликов "Пахтакор" селекционерлари эътиборига тушади. 1977 йилни "Пахтакор" таркибида бошлаган Николай биринчи лигада жамоанинг муваффақиятли иштирокига ўз ҳиссасини қўшади. 21 учрашувда ҳимоядаги ишончли ҳаракатларидан ташқари бир гол уришга эришган. Унинг ўйинида юқори курашувчанлик, жисмоний чидамлилик, жамоадошларини яхши тушуниб ҳаракат қилиши ажралиб турган.
1978 йил чемпионатда 4 учрашув ўтказган. 1979 йил эса яна асосий таркибда кўп майдонга тушишни бошлаган. "Заря" билан 8 августда кечган баҳсда у тўлиқ ҳаракат қилганди. Афсуски, кейинги беллашувда жамоа билан бирга ҳаракат қилиш у ва яна 13 футболчига насиб қилмаган.
Николай Куликов Москва яқинида жойлашган Калуга вилояти Кривская қишлоғига дафн этилган. Унинг оиласи ҳозирда Москвада истиқомат қилади.