Суперлиганинг 13-турида "Пахтакор" Маҳмудҳожиевнинг дубли эвазига Қўқонда охирги сонияларда ғалабани ўз томонига оғдирди.
Биринчи бўлим бошида жамоамиз ташаббусга эга бўлди, аммо дарвозани ишғол қилиш насиб этмади. Бикмаев ва Машариповнинг дарвоза томон йўллаган аниқ зарбаларидан сўнг тўпни мезбонлар посбони қайтариб юборишга эришди. Қўқонликларнинг дастлабки аниқ зарбаси эса гол билан якунланди. Ўнг қанотдан Холмуҳаммедовнинг жарима майдонига оширган тўпини Эркинов боши билан дарвозага аниқ йўллади - 1:0. Бўлим якунигача майдон эгаларидан Рўзиев, "Шерлар"дан Чераннинг зарбалари ноаниқ чиқди.
Иккинчи бўлимда ўйинни тўлиқ назорат қилган жамоамиз кескин ҳолатларни юзага келтирди, бироқ аниқ зарбаларгача иш узоқ вақтгача етиб бормади. Ниҳоят, 78-дақиқада Собирхўжаев икки нафар рақибдан ўтиб кетиб, тўпни захирадан туширилган Маҳмудҳожиевга оширди. Шоҳруҳ эса узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Шундан кейин янада фаолликни оширган "Пахтакор" ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқада ғалабани ўзига оғдирди. Машариповнинг жаримадан узатган тўпини Маҳмудҳожиев боши билан дарвозага йўллади - 1:2. Ёш ҳужумчи шу тариқа ўзининг дебют голларини уришга муваффақ бўлди. Муҳим ғалабага эришган "Пахтакор" биринчи даврани 35 очко билан тугатиб, яқин таъқибчиси билан фарқни 8талигича сақлаб қолди.
"ҚЎҚОН-1912" - "ПАХТАКОР" - 1:2 (1:0)
29 июнь. Қўқон. 5150 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев, Р.Фозилов, М.Нехочин, Ғ.Жўраев.
Назоратчи: А.Арутюнов.
Комиссар: А.Давиденко.
"Қўқон-1912": Абдуллаев, Жам.Ҳасанов (Эсонқулов, 70), Рўзиев (М.Ҳасанов, 70), Рустамов, Жас.Ҳасанов, Бердиев, Маликжонов, Эркинов (Саъдиллоев, 81), Мерзляков, Милич, Холмуҳаммедов.
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев, Кримец, Аъзамов, Алижонов (Комилов 75; Козак, 86), Ҳамробеков, Собирхўжаев, Машарипов, Черан, Бикмаев, Сергеев (Маҳмудҳожиев, 82).
Голлар: Эркинов, 29 - 1:0. Маҳмудҳожиев, 78 - 1:1. Маҳмудҳожиев, 90+3 - 1:2.
Огоҳлантиришлар: Черан, 41. Милич, 55. Жас.Ҳасанов, 62. Машарипов, 65. Кримец, 69.