"Пахтакор" бош мураббийи "Қизилқум" билан учрашувдан аввал ўйин хусусида фикрларини айтиб ўтди.
- Ўтган турда жуда яхши ўйин намойиш қилдик ва буни ўз мухлисларимиз қаршисида давом эттиришни истаймиз. Яхши ҳолатга кириб боряпмиз. Охирги уч беллашувда йирик ғалабаларга эришдик, аммо бу бизни хотиржам бўлишга чорламаслиги лозим. Машғулотларда футболчилар бор кучлари билан ишлашда давом этишмоқда. "Қизилқум" яхши жамоа, улар имкон қадар ҳужумкор футбол кўрсатишга интилишади. Бу жамоага қарши ўтган мавсумдаги учрашувларимиз қизиқарли кечганди.
Мавсум қизғин палласига кириб бўлди. Биринчи даврани ортиқча йўқотишларсиз якунлашни истаймиз. Шу сабабли ҳозир ҳар бир баҳснинг қадри жуда баланд. Мақсадимиз ҳар доимгидек чиройли ва ҳужумкор ўйин орқали ғалаба қозонишга уриниш бўлади.