"Пахтакор" футбол клуби "Эзгу Амал" хайрия жамоат фонди, «Trastbank» хусусий акциядорлик банки, «Euroasia Insurance» суғурта компанияси билан ҳамкорликда оғир хасталикка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича акция ўтказди.
Акция АГМК билан Суперлига 10-тур учрашуви доирасида ташкил этилди. Жаҳонда ва мамлакатимизда кўплаб болалар турли хил хасталиклар, шу жумладан онкологик касалликлар билан курашишга мажбур, уларни ҳамда оила аъзоларини руҳий ва моддий тарафдан қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
"Пахтакор" - АГМК беллашуви бошланишидан аввал "Шерлар" сардори Марко Симич жиддий хасталик билан курашаётган 1,5 ёшли қизалоқ Полина Гарифулина билан майдонга чиқиб келди. «Trastbank» хусусий акциядорлик банки бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Фурқат Самархўжаев ҳамда "Пахтакор" футбол клуби афсонаси Биродар Абдураимов касаллик билан курашаётган болалар - Полина Гарифулина ва Жавоҳир Пардаевга ёрдам бериш мақсадида очилган рамзий карточкаларни топширишди. Ўйиндан кейин эса болалар "Пахтакор" жамоаси билан учрашишди.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир хоҳловчи қурби етган суммани қуйидаги пластик карта ҳисоб рақамига ўтказган ҳолда иштирок этиш имкониятига эга.
Полина Гарифулина
Бу қизалоққа зудлик билан суяк илигини кўчириб ўтказиш даркор. Ушбу гематолик касаллик унда 8 ойлигида аниқланган. Айни пайтда Полина 1,5 ёшга тўлди.
8600 3036 5948 8063
Жавоҳир Пардаев. 13 ёш.
Ташхис: ўткир миелоид лейкемия. Жавоҳир Санкт-Петербургдаги касалхонада бўлиб турибди ва унинг оиласига даволаниш курсини давом эттириш учун кўмак жуда зарур.
8600 3036 2119 4617
"Пахтакор" футбол клуби ҳамиша болалар билан боғлиқ турли акцияларни қўллаб-қувватлайди ва уларга ёрдам беришни ўзи учун шарафли бурч деб билади.