Суперлиганинг 8-тур марказий беллашувида жамоамиз "Навбаҳор"ни қабул қилади.
Чемпионатлар доирасида жамоалар барча мавсумларда иштирок этиб келишади ва ҳозирга қадар 56 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол "Шерлар" тарафида. 35 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 8 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва 13 марта имкониятни бой берган. "Навбаҳор" дарвозасига 95 гол урилиб, 42 тўп ўтказиб юборилган.
Тошкентдаги учрашувларнинг 24тасида жамоамиз ғалаба қозониб, 3 дуранг ва 1 мағлубиятни қайд этган. “Пахтакор” ўз майдонида охирги 22 ўйинда 21 ғалаба ва 1 дурангга эришган.
Ўзаро ўйинлар тарихида қайд этилган энг йирик натижа - 7:0 ҳисоби жамоаларнинг Тошкентда 2009 йил ўтган беллашувида кузатилган. Ўшанда "Пахтакор" наманганликларни ўта йирик ҳисобда доғда қолдирган.
Бу сафар турнир жадвалида пешқадам ва учинчи ўринда бораётган жамоалар ўртасидаги баҳс янада кўпроқ қизиқишга сабаб бўлишини айтиш мумкин.
"Пахтакор" ва "Навбаҳор" ўртасидаги учрашув 11 май, шанба куни "Пахтакор" стадионида соат 19:45да старт олади.