"Пахтакор" Чемпионлар Лигаси 5-турида Игорь Сергеевнинг ягона голи эвазига "Персеполис"дан устун келди.
Жамоамиз ўта муҳим саналган беллашувда Абдуллаев, Ҳамдамов ва Яхшибоев майдонга туша олишмади. Шунингдек, Сидиқов биринчи бўлимда жароҳат олиб майдонни тарк этди. Шунга қарамай, ғалаба учун борини берган "Шерлар" якунда муҳим муваффақиятни қўлга киритишди.
Биринчи бўлим бошида устунлик жамоамиз тарафида бўлди. Дастлаб Машариповнинг жаримадан тепган тўпи хавфли чиқди, аммо Кримец тўпга улгурмади. Кейинроқ Сидиқовнинг яқин масофадан тепган тўпини Бейранванд қайтариб қолди. Бўлим охирларида эса ташаббус рақиб тарафига ўтди. Қувватов икки марта - Алипур ва Алишоҳнинг аниқ йўлланган зарбаларидан сўнг маҳорат кўрсатиб, муқаррар голлардан қутқарди.
Иккинчи бўлимда устунлик тўлиғича "Пахтакор" тарафида бўлди. Аъзамов ва Бикмаевнинг уринишларини ҳимоячилар қайтариб юборишди. Машариповнинг аниқ зарбаси йўлига эса Бейранванд ғов бўлди. Кетма-кет кескин ҳужумлар ташкил қилган "Шерлар" 86-дақиқада ягона голни уришди. Черандан тўпни қабул қилиб олган Сергеевнинг зарбасидан сўнг Ҳуссайнига теккан тўп дарвозанинг юқори қисмига бориб тушди - 1:0. Қолган дақиқаларда Сергеевда яна бир имконият бўлди, аммо рақиб посбони тўпни қайтарди. Кичик ҳисобдаги ғалаба "Пахтакор"нинг нимчорак финал сари юришини сақлаб қолди.
"ПАХТАКОР" - "ПЕРСЕПОЛИС" - 1:0 (0:0)
6 май. "Пахтакор" стадиони. 17350 томошабин.
Ҳакамлар: Кристофер Бит, Антон Шетинин, Эшли Бишам (Австралия), Моҳд Амирул Изван (Малайзия).
Назоратчи: Нобору Ишияма (Япония).
Комиссар: Мунем Фаҳури (Иордания).
"Пахтакор": Қувватов, Сайфиев, Кримец, Аъзамов, Алижонов, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Машарипов, Черан, Сидиқов (Синдаров, 25; Комилов, 89), Бикмаев (Сергеев, 79).
"Персеполис": Али Ризо Бейранванд, Омид Алишоҳ (Марио Будимир, 63), Саид Жалол Ҳуссайни, Меҳди Шири, Муҳаммад Нодири, Суруш Рафейи (Меҳди Тўроби, 70), Аҳмад Нуроллоҳи, Камолиддин Камябиниа, Муҳсин Нодеҳи, Сиамак Неъмати (Али Мослеҳ, 89), Али Алипур.
Гол: Сергеев, 86 - 1:0.
Огоҳлантириш: Машарипов, 65.